Олимлар спортчилар учун саломатликни яхшиловчи қўшимча кашф этишди

Қозоғистон олимлари спортчилар соғлиғини яхшиловчи озиқ-овқат қўшимчасини ишлаб чиқишди. У ҳужайралар зарар кўриши олдини олади, кексаликка хос касалликларни секинлаштиради, жисмоний ва ақлий меҳнат қобилиятини кучайтиради. Олимлар бу қўшимча устида уч йил ишлашди, тадқиқ этишди, синашди, сертификатлашди. Ишланма муаллифлари таъкидлашича, унга тенг келадиган восита дунёда йўқ. Махсус маҳсулот фақат спортчилар эмас, зарарли ишлаб чиқаришларда меҳнат қилаётганлар ва соғлиқ учун зарарли атроф-муҳит таъсири остида мунтазам яшаётганлар учун ҳам фойдали.


Серғази Шинғис, лойиҳа раҳбари:


- Ҳаммаси ушбу маҳсулотдан бошлангани йўқ. Олдинига биз кексайишга қарши курашишни мақсад қилиб қўйгандик. Геронтологик маҳсулотлар устида иш юритганмиз. Турли резавор мевалардаги, ўтлардаги полифенол бирикмаларни тадқиқ этганмиз. Кейинроқ Қозоғистон ҳудудидаги эндемик ўсимликлар билан тўқнашдик, улар спортчиларнинг катта масофага ҳаракатланиши, машғулотларда бардошини оширишига ёрдам бераркан. Шу тариқа, мазкур маҳсулот кашф қилинди.


Ҳозир мамлакат ичида дастлабки маҳсулот чиқарилди. Декабрь ойига келиб уни оммавий истеъмолга тақдим этиш мўлжалланган. Халқаро бозорларга чиқиш имкониятлари очилиши билан ишлаб чиқариш ҳажми ва ассортименти оширилади. Бу озиқ-овқат қўшимчасига хорижда қизиқиш кузатиляпти.


Серғази Шинғис, лойиҳа раҳбари:


- Сотиш ишлари Қозоғистоннинг ўзида бошланади. Ҳозир маркетплейсларда рўйхатдан ўтиш ниятидамих.  Савдо тармоқларидан бири билан шартнома тузишга муваффақ бўлдик. Турли ташкилотлар билан музокара юритяпмиз. Хитой, Араб амирликлари ва Саудия Арабистонига чиқмоқчимиз. Бундан ташқари, маҳсулот ҳудудимизда рўйхатга ўтказилгани учун Россия, Беларусь, Қирғизистонда сотилади.


Абдумалик Сарманов таржимаси