Монголияда IV Кичик қурултой ўтказилди

Монголияда IV Кичик қурултой ўтказилди

«Отандастар» жамғармаси Улан-Батор, Қўбде ва Баян-Улгийда ушбу тадбирни ўтказиш ташаббусини кўтариб чиққан. Съездда Монголиянинг турли қисмларида яшовчи қозоқлар иштирок этади. Улар орасида маданият марказлари етакчилари, жамоат арбоблари, зиёлилар ва ёшлар ташкилотлари вакиллари бор. Қурултой доирасида илмий конференция, кино ва мультфильмлар ҳафталиги, бизнес-форум, миллий ўйинлар бўйича беллашув ҳамда байрам концертлари ташкил қилинади. Жамғарма берган маълумотга кўра, бундай тадбирлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиради, миллий ўзлик ва маънавий алоқаларни мустаҳкамлайди. Таъкидлаш лозимки, Монголияда 120 минг нафар қозоқ яшайди. Улар мамлакатдаги энг кўп сонли этник гуруҳлар қаторига киради.

Бевосита парвозлар ташкил қилиш, Баян-Улгий минтақасидаги қозоқ мактаблари сонини кўпайтириш, икки томонлама алоқаларни кенгайтириш. Ушбу масалалар Монголияда бўлиб ўтган қозоқларнинг IV Кичик қурултойида муҳокама қилинди. Унда «Отандастар» жамғармаси президенти Абзал Сапарбекули раҳбарлигида Қозоғистон делегацияси ҳам қатнашди. Томонлар икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқаларни кенгайтириш тўғрисида келишиб олди. Кичик қурултой доирасида Улан-Батор, Кобде, Баян-Улгий ва бошқа жойларда 5 кун давомида турли тадбирлар ташкил қилинди. Таъкидлаш лозимки, тадбир Қозоғистон ва Монголия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилишининг 30 йиллигига бағишланди.

АБЗАЛ САПАРБЕКУЛИ, «ОТАНДАСТАР» ЖАМҒАРМАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:

– Ташрифимиздан асосий мақсад – Монголияда яшаётган қозоқлар билан учрашиш, муаммоларни муҳокама қилиш. Шу жумладан, илмий, маданий-гуманитар йўналишларда алоқаларни кенгайтириш. Бундан ташқари, Монголияда жамоатчилик, зиёлилар билан учрашувлар ташкил қилинди, таклиф ва талаблар тингланди. Айни вақтда биз ёшлар миллий ўзликни қанчалик сақлаб қолгани, қозоқ анъаналари, урф-одатларига қанчалик риоя этиши хусусида билишни истардик.

Кичик қурултой доирасида кўплаб маданий тадбирлар ташкил этилди. Шу жумладан, Монголияда чоп этилган қозоқ адибларининг асарлари тақдимоти ўтказилди, мамлакат ривожига катта ҳисса қўшган қондошлар ёдгорликлари очилди. Зиёлилар, қозоқ маданияти, анъаналари, тилини сақлаб қолишга катта ҳисса қўшган санъат арбобларига махсус тайёрланган қатор медаллар ва ташаккурномалар топширилди.

Монголияда қозоқ миллий ўйинлари ва концертлар ташкил қилинди. Маҳаллий аҳоли Таттимбет номли Қарағанди қозоқ миллий чолғу асбоблари оркестри чиқишларини гулдурос қарсаклар билан кутиб олди.

Абдумалик Сарманов таржимаси