Биринчи куни иштирокчилар учта - «Жамият консолидацияси», «Маданият. Санъат. Маънавият» ва «Таълим ва фан» секцияларида иш олиб борди. Фуқаролар жамиятини ривожлантириш, этнослар орасидаги бирдамликни кенгайтириш, минтақалардаги жамоат кенгашлари ролини ошириш мавзулари кўтарилди. Миллий қурултой аъзолари таъкидлашича, халқ ва ижро органлари ўртасида ўзига хос кўприк ўрнатилади.
Ерлан Саиров, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси депутати:
- Туркистон - турк дунёсининг маънавий пойтахти, унда жаҳон халқлари ўртасида ҳамкорлик ривожланмоқда. Қурултойнинг асосий ғояси – умуммиллий мувозанатга эришиш.
Ахмет Мурадов, Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги миллий қурултой аъзоси:
- Қурултой мазмуни шундаки, ҳаётида антагонистик зиддиятлар бор одамлар бўлиши мумкин, лекин давлат ва халқ ғояси бирлашув бўлиши керак. Қурултой аъзоларидан ҳар бирининг салоҳияти ишлаши лозим. Қурултой аъзолиги ҳар биримизга ўзимиз яшаётган мамлакат учун улкан маънавий масъулият юклайди. Бу жуда муҳим.
Экспертлар, шунингдек, нотариуслар, адвокатлар ва суд ижрочилари иштирокида жамоат муҳокамаларини қайта тиклашни таклиф қилди. Бундан ташқари, спикерлар, айниқса, қишлоқларда жойлашган музейлар, маданият марказлари, кутубхоналар фаолияти, ёш иқтидорларни илгари суриш ва креатив саноатни ривожлантириш тўғрисида сўз юритди.
Дихан Қамзабек, «Егемен Қазақстан» республика газетаси бош директори:
- Давлат ва кучли фуқаролик жамияти ҳамкорликда ишлаши лозим. Улар ўзаро низо қилмаслиги керак. Ҳар қандай ўзаро танқид конструктив бўлиши зарур.
Бану Нурғазиева, Қозоғистон фуқаролик альянси президенти:
- Биз ўз олдимизга адолатли Қозоғистонни бунёд этиш мақсадини қўйганмиз. Бу эса биринчи навбатда одамларга бўлган муносабатда кўринади. Ва, албатта, захиралар ва даромад адолатли тақсимланиши керак. Бунинг учун коррупция бартараф этилиши зарур. Иккинчи қадам – ҳокимият ва жамият ўзаро ҳамкор бўлсин. Муваффақият калити шунда.
Таъкидлаш лозимки, ўтган йили бўлиб ўтган биринчи йиғилишдан кейин Egov базасида Quryltai мобиль иловаси ишга туширилган. Қозоғистонликлар ушбу майдончага жамиятни ривожлантириш бўйича ғояларини, тавсияларини юбориши мумкин. Ҳозирнинг ўзида 400 дан зиёд таклиф келган. Ижтимоий тармоқларда ҳам Миллий қурултой сайти ва аккаунтлари бор.
Абдумалик Сарманов таржимаси