Бугун Астанада экспертлар Марказий Осиёда юз бераётган интеграция жараёнларини муҳокама қилишди. Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон стратегик тадқиқотлар институтлари раҳбарлари барча соҳалар ва барча даражаларда минтақавий ҳамкорлик зарурлигини таъкидлашди. Бу эса ҳар бир давлатга янги истиқболлар очади. Зеро, дунё бўйича минтақага қизиқиш тобора ортиб боряпти. Дунёнинг энг йирик ўйинчилари – АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Россия “Марказий Осиё плюс” форматида мулоқот қилишга қизиқиш билдиряпти. Аналитиклар фикрича, самарали ҳамкорликни давом эттириш учун қўшма тадқиқотлар ўтказиш, балки махсус жамғарма яратиш лозим. Биргаликда ёшлар, демография, янги иш ўринлари яратилиши масалаларини ўрганиш зарур. Мазкур тадбир давомида Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг навбатдаги учрашуви учун амалий таклифлар, эксперт тавсиялари бериш кўзда тутилганди. Тадбир август ойида Астанада ўтказилади.
Еркин Тукумов, Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори:
– Биз еттинчи марта учрашдик. Давлат раҳбарлари маслаҳатлашувлари арафасида мана шундай тадбир ўтказилади. Менимча, бугунги энг муҳим масалалардан бири – котибият ташкил қилиш масаласи, у ўзаро интеграция ва ҳамкорлик жараёнининг аниқ натижаси бўлади. Интеграциясиз муҳим масалаларни илгари суриш имконсиз. Бунда савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, иқлим ўзгаришигина эмас, барчамизнинг хавфсизлигимиз, идентикамиз, “Биз, Марказий Осиёдагилар киммиз?” деган саволнинг жавоби ўртага қўйилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.