Қозоғистонда «Марказ – Ғарб» автомагистрали қурилади. У Астанани Арқалиқ, Тўрғай ва Иргиз орқали Ўрта йўлак билан боғлайди. Қўстанай вилоятида лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашга киришилди. У Давлат раҳбарининг Миллий қурултойда берган
топшириқлари доирасида рўёбга чиқарилади. Янги йўл туфайли масофа ва етиб боришга сарфланадиган
вақт салкам икки марта қисқаради. Янги йўналиш 865 километрни ташкил қилади. Ҳозир эса бир ярим минг
километр юришга тўғри келмоқда. Транспорт тармоғи 13 та аҳоли пункти орқали ўтади. Йўл кенглиги 8 метр бўлади. Унда ҳаракат гавжумлиги суткасига 3 мингта автомобилни ташкил этиши кутилмоқда.
Марат Қарабаев Қозоғистон
Республикаси Транспорт вазири:
- Бу «Ғарбий
Европа — Ғарбий Хитой» йўлагига параллел туширилган учинчи йўл. Яъни у
Қозоғистон фаол ривожлантираётган Транскаспий транспорт йўналишига бевосита
уланади. Давлат раҳбари топшириғига кўра, Бейнеу ва Шалқар, Саксаул ва Шалқар
орасида Ақтаудан Каспийгача йўл қурилиши давом этяпти. Бу лойиҳалар туфайли йўл
3 минг 400 километрдан 2 минг 300 километргача қисқаради.
Ғабит Сундетбаев «Amanat» партияси» жамоат ташкилоти Қўстанай
вилояти Жангелди туман филиали раҳбари:
- Халқаро йўлак бошқа давлатлар билан боғловчи
ҳалқа бўлади ва экспорт салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдам беради. Айни вақтда ушбу ҳудудда ишлаб чиқариш ва бизнес ривожланишига туртки беради. Магистраль ёнида янги инфратузилмалар қурилади. Мультипликатив самара
кузатилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

