Қозоқ орнаментлари бактерияларда чизилади

Қозоқ орнаментлари бактерияларда чизилади

Миллий нақшлар чизишнинг бундай ғайриоддий усулини ижодкор тасодифан танламади. Био-арт рассом пойтахт лабораторияларидан бирида  вирусолог бўлиб ишлайди. Ғаройиб ғояни кўпдан буён юрагида сақлаб келди, ниҳоят жамоасидаги ижодий танловлардан бирида уни намойиш қилди.

Динара Успанова, вирусолог. врач-бактериолог:

- Танловда ақлимга келган янгича ғоя билан қатнашдим. Қозоқ орнаментини ўстришга муваффақ бўлдим, чунки бугунги кунда анъаналаримиз, урф-одатларимизни унута бошладик, бу иш эса келиб чиқишимизни, кимлигимиз, аёлларимиз, момоларимиз, оналаримиз нима билан шуғулланганини эслаш учун бу зарур. Яъни, қозоқ ижоди фақат орнамент эмас, орнамент замиридаги муқаддас мазмунга боғлиқ. Ҳар бир белги, ҳар бир орнамент ниманидир англатади. 

Бўёқ ўрнида – бактериялар колонияси, полотно ўрнида – лаборатория чашкалари. Бундай «жонли картина»лар махсус озуқа муҳити яратишни талаб қилади, дейди Динара. Турига боғлиқ ҳолда, микроорганизмлар маълум бир пигмент чиқаради. Масалан, ичак таёқчаси штамми қизил ёки пушти-қўнғир тус беради. Натижада, картина рангдор кўриниш олади. Фақат бактерияли полотнони узоқ сақлаш имконсиз, дейди бактериолог

Динара Успанова, вирусолог. врач-бактериолог:

- Суратларни ишлаганимдан сўнг, узоқ сақлаб ўтирмадим, барча қоидаларга мувофиқ ҳолда зарарсизлантирдим. Чунки хавфсизлик қоидалари шуни талаб этади. Улар тоза бактериялар колониясидан ажратиб олинади, махсус шароитларда ўстирилади, озуқа муҳити бўлиши шарт, барчаси учун алоҳида услубият қўлланилади, микробиология стандартларига риоя этилади.

Микробиология – ҳақиқий санъат, дейди Динара. Унинг замирида ўзига хос гўзаллик мавжуд. Ёш олим бу йўналишда турли сир-асрорларни ўзлаштириш ниятида.   Динара келгусида диссертация ёқлаш, илм-фан йўлида илгарилаш, Қозоғистон фани ривожига ҳисса қўшиш ниятида.

Абдумалик Сарманов таржимаси