Қозоқ тилини яхшироқ билиш ва унинг бой, сермазмун, ифодали сўз-иборалари билан танишиш. Қозоқ, рус ва инглиз тилларидаги фразеологизмлар луғати шундай имкониятни тақдим этади. Бугун Астанада ушбу нашр тақдимоти бўлиб ўтди. Китоб Қозоғистон Халқи Ассамблеясининг 30 йиллиги муносабати билан 2 минг нусхада нашрдан чиқди. Муаллиф – мамлакат Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таржимон Камал Алпейисова мингдан ошиқ барқарор ибораларни, яъни энг ёрқин мақол-маталларни тўплаган. Улар тилларни ўрганишда кўмакчи бўлиши шубҳасиз, дейди лингвист. Китоб аллақачон халқаро имтиҳонларга тайёрланишда талабалар учун ишончли ёрдамчига айланган. Умуман олганда, луғат давлат тилини, хусусан, маданиятлараро муносабатларда ҳам қўллаш доирасини кенгайтиришга йўналтирилган. Таъкидлаймиз, ҳозирда қўлланманинг онлайн шакли тайёрланмоқда.
Камал Алпеисова, муаллиф, Қозоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси аъзоси:
- Америкага қилган сафарим чоғида истеъдодли ёшлар билан учрашгандим, улар инглиз мақолларини қозоқ мақоллари билан қиёслагани мени ҳайратда қолдирди ва янги ғоя бахш этди. Китоб шу тариқа дунёга келди, биринчи қисмларида қозоқ-рус фразеологизмлари, учинчи қисмида эса уларнинг инглизча аналоги. Менга шогирдим, Шимолий Англиянинг Норвич университети битирувчиси, магистр Мерей Маликова ёрдамлашди. Китобхонлар луғатни очади, таниш мақолларни кўради ва дарров уларни инглиз тилидаги аналоги билан қиёслай бошлайди. Масалан, кўпчилик бундай фразеологизмларни яхши билиш IELTS имтиҳонларини топширишда ёрдам беришини айтади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

