Қозоғистонликларнинг аксарияти атом электр станцияси барпо этилиши борасида
ижобий фикр билдирди. Президент қошидаги Стратегик тадқиқотлар институти
буюртмасига кўра, «Демократия институти» ижтимоий сўров ўтказди. Натижага
қараганда, респондентларнинг 60 фоизга яқини референдумда иштирок этиб, буни
қўллаб-қувватлашини айтган. Август ойида ўтказилган сўров билан солиштирганда,
АЭС қуриш ҳақидаги фикрни маъқуллайдиганлар
сони 7 фоиздан зиёдга ошгани
кузатилмоқда. Бу галги сўров жараёнида 18 ёшдан ошган 8 минг одам қатнашган. Респондентларнинг
42 фоизга яқини референдумда албатта ўз танловини билдиришини маълум қилган
бўлса, тахминан 20 фоиз одам бориш-бормаслик масаласида ҳали бир тўхтамга
келмаган. Экспертлар фикрича, сўров хулосаси Ҳукумат, экспертлар ва жамият
ўртасидаги очиқ мулоқот муҳимлигини кўрсатади. Эслатиб ўтамиз, Президент Қосим-Жўмарт
Тўқаев ўзининг халққа Мактубида бундай муҳим масалани умумхалқ овоз бериши
орқалигина ҳал қилиш мумкинлигини айтиб ўтиб, 6 октябрь куни референдум ўтказилиши
тўғрисидаги қарорни эълон қилганди.
Алуа Жўлдибалина, Қозоғистон Республикаси Президенти
қошидаги Стратегик тадқиқотлар институти директор ўринбосари:
- Референдум – муҳим қарорларни биргаликда қабул қилиш
мақсадида халқни жалб этишнинг бирдан-бир йўли эканлигини тажрибалар кўрсатиб
турибди. Конституцияга ўзгариш киритиш, давлат тузилишини ўзгартириш, маълум
бир халқаро ташкилот таркибига кириш ва яна айрим аҳамиятли, стратегик муҳим масалалар,
одатда, фақат референдум орқали ҳал этилади. Бу – илғор дунёвий тажриба.
Абдумалик Сарманов
таржимаси