Франция, БАА ва Саудия Арабистони Қозоғистонда йирик қайта тикланувчи энергия манбалари барпо этади. Бу давлатлар компаниялари якка тартибда шартнома имзолаш таклифи билан чиқди. Вазир Бўлат Ақчўлақов маълум қилишича, компаниялар электр энергиясини мавжуд аукцион баҳоларидан арзонга сотмоқчи. Вазир таъкидлаганидек, юқорида кўрсатилган соҳага киритилган инвестиция ҳажми бугунга келиб бир триллион тенгедан ошди. Қозоғистон мамлакат энергетикасида муқобил энергия манбалари улушини жорий йилда тўрт, 2025 йилга бориб олти фоизгача кенгайтириш ниятида. Бу мақсадларга эришиш учун 3 йил ичида республикада қўшимча 48 та объект фойдаланишга топширилади.
Бўлат Ақчулақов, Қозоғистон Республикаси энергетика вазири:
- Мазкур индикаторга эришиш мақсадида жорий йилнинг ноябрь ойида умумий қуввати 690 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари аукцион савдоси ўтказилади. Мазкур тадбир оқибатида жорий йилда соҳага сармоя киритиш ниятида бўлган инвесторларни қўллаб-қувватлаш кенгайтирилади.
Бўлат Ақчулақов соҳада жорий этилаётган яна қатор янгиликларни тилга олди. ESG тамойиллари асосида «тоза кўмир» технологияси, қайта тикланувчи энергетика, замонавий газ ва атом генерацияси, Smart Grid интеллектуал тизимини ривожлантириш тадбирлари кўзда тутилган. Улар 2035 йилгача электр энергетикаси соҳасини ривожлантириш концепциясида кўзда тутилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси