Қозоғистонликлар Қатарда расмий тарзда ишлай олади. Сенат мамлакатимиз фуқароларининг бу давлатда ишга кириш тартибини белгилаб берувчи ҳужжатни ратификациялади. Унда ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофаза қилиш шартлари кўрсатилган. Ишга кириш учун Қатардаги иш берувчи малака талаблари, меҳнат шартлари ва шартнома муддатини кўрсатиши зарур. Бу ахборот асосида Қозоғистон томони электрон меҳнат биржаси орқали номзодлар рўйхатини тайёрлайди ва уларга хабар беради. Тегишли номзодлар саралаб олингач, шартнома тузилади. Қатардаги иш берувчи уни ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас. Шартнома Қозоғистон ва Қатар ўртасида шаффоф, хавфсиз меҳнат миграциясини йўлга қўйишга мўлжалланган. Таъкидлаш лозимки, Меҳнат вазирлиги берган маълумотга кўра, шу кунларда бу давлатда 800 нафар атрофида қозоғистонлик ишлайди. Улар асосан нефть-газ соҳасида меҳнат қилади.
Маулен Ашимбаев,
Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси:
- Шу жумладан, таклиф этувчи томон Қатарда ишлаётган қозоғистонликларнинг йўл ва яшаш харажатларини тўлайди. Шунингдек, у таътил беради, тиббиёт хизматларини зиммасига олади. Умуман олганда, қонун Қатардаги юртдошларимиз ҳуқуқларини муҳофаза қилишга улуш қўшишига умид қиламиз.
Айни вақтда, бугун Сенат энг кам маош тўғрисида конвенцияни ратификация қилди. У ривожланаётган давлатлардаги шарт-шароитларни ҳисобга олади. Бу кўрсаткични белгилашда давлат ишчи-хизматчиларнинг реал эҳтиёжлари – яшаш даражаси, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархларини кўзда тутади. Бундан ташқари, энг кам маошни белгилашда ҳукумат билан бирга ишловчилар ва иш берувчилар ҳам қатнашади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

