Қозоғистонлик талаба яратган стартап Жанубий Кореяда энг яхши бизнес ғоя, деб тан олинди. Артур Шин ҳомиладор аёллар учун зарур буюмлар жамланмаси ташкил этишни таклиф қилганди. Унга витаминлар, крем ва махсус камарлар киради. Талаба ва унинг жамоаси 3-4 йил ичида ўз ғоясини рўёбга чиқариш ниятида. Улар бу давр мобайнида онлайн-майдонча яратишни ўйлаган. Унда бўлажак оналар ўзлари учун зарур нарсаларни танлаб олиш имконига эга бўлади.
Артур Шин, талаба:
- Нима ўйлаб топсак, Қозоғистонда жорий этсак бўлади, деб анча бош қотирдик. Асосий мақсад пул топиш эмас, Қозоғистон янада шинам, яшашга қулай бўлиши эди. Кореяда давлат томонидан тиббий ёрдам қандай кўрсатилишини ўргандим. Президентимиз таъкидлагани каби, Янги Қозоғистонни шакллантиришга ҳисса қўшгимиз келди.
Таъкидлаш лозимки, жаҳоннинг турли қисмларидан бўлган 70 кишидан иборат 8 та гуруҳ ўз лойиҳасини тақдим этган. Стартаплар танлови «Республика Корея – Марказий Осиё» ҳамкорлик форуми котибияти томонидан ташкил қилинган.
Абдумалик Сарманов таржимаси