Қозоғистонда янги вакцина синовлари бошланди

Қозоғистонда янги вакцина синовлари бошланди

Қозоғистоннинг коронавирусга қарши яна бир вакцинаси клиник синовлардан ўтмоқда. Биологик хавфсизлик муаммолари илмий тадқиқот институти олимлари QazCoVac-P деб аталган препарат устида бир йил ишлади. У икки босқичда синалади. Синовларга 18 ёшдан 50 ёшгача бўлган кўнгиллилар жалб этилади. Вакцинациядан аввал улар тиббий кўрикдан ўтказилади. Клиник текширувларда жами 244 одам қатнашади, улардан 44 нафари биринчи, қолганлари иккинчи босқичдаги тадқиқотларда иштирок этади.

Нурлан Абилдаев, кўп соҳали шаҳар касалхонаси бош врачи:

–Биринчи босқичда 44 одам зардоб қабул қилади. Ҳозир синов иштирокчиларини саралаш жараёни давом этяпти. Аввалига барча хоҳловчиларни скринингдан ўтказамиз, натижада турли касалликлар, аллергия ва бошқалар юзага чиқади. Бундан ташқари, коронавирусга қарши вакцина асоратлари бўлиши мумкин. Ҳарорат кўтарилиши, ҳолсизлик каби.

Берик Хайруллин, биологик хавфсизлик муаммолари илмий тадқиқот институти бош илмий ходими:

- 22 нафар кўнгилли вакцина билан, 22 нафари плацебо билан эмланади. Биринчи навбатда хавфсизлик, иккинчи навбатда иммунитетга таъсири ўрганилади. 200 киши қатнашадиган иккинчи босқичда эса иммунитет ҳосил қилиши ва хавфсизлиги ўрганилади. Плацебодан таққослаш учун фойдаланамиз, бунинг учун натрий хлорид ишлатилади. Биз инсон вужудига вакцина плацебога нисбатан қандай таъсир қилишини билишимиз зарур.

Вакцина турли ҳайвонларда синаб кўрилган. Препаратни одамларда синаш мураккаброқ. Чунки ҳар кимда иммунологик ҳолат турлича. Мутахассислар фикрича, синалаётган одамнинг ёши ва яшаш жойи ҳам таъсир кўрсатади. Клиник синовлар муваффақиятли ўтган тақдирда QazCoVac-P 21 кун оралиғида қабул қилинади. Олимлар маълум қилишича, институтда коронавирусга қарши вакцинанинг яна учта варианти устида ишланяпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси