Қозоғистонда туризм ривожланяпти

Қозоғистонда туризм ривожланяпти

Қозоғистон жаҳон туристик харитасининг янги жозибадор нуқтасига айланди. Статистика Буюк Дашт жумбоқлари билан танишиш, манзараларидан завқ олиш, маданияти ва халқ анъаналари муҳитида яшаб кўришни истовчилар сони тобора кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Атирау вилоятига ташриф буюраётганлар оқими уч марта ошди. Мутахассислар таъкидлашича, минтақанинг чиройли манзараларини томоша қилишни истовчилар сони йил сайин ортиб бормоқда. Талаб таклиф ўсишига олиб келади, тегишлича туристик инфратузилмалар ривожланяпти. Кигаш дарёси соҳилларида 5 та дам олиш базаси ишлаб турибди.

Ернар Сарсенбаев, туристик база раҳбари:

- Баҳордан кузгача мавсум давом этади. Қишда келадиганлар ҳам бор. Ёзда меҳмонлар нилуфар гулларини томоша қилади.

Сўнгги ярим йил ичида бу курортга 1 минг 200 нафар саёҳатчи келди. Саёҳатчилар оқими кенгайиши ортидан туристик кластер ташкил қилинди. Табиат зонасида янги дам олиш масканлари қурилади. Иккита объектда ишлар йил охиригача якунланади.

Нурлибек Тўлепов, Қурманғази тумани тадбиркорлик ва туризм бўлими бошлиғи:

- Маҳаллий ва бошқа минтақалардан келган тадбиркорлар бу ҳудудда туристик объектлар бунёд этмоқда. Қурманғази туманида саёҳатчиларга хизмат кўрсатиш яхши ривожланган. Асосий йўналиш – овчилик ва балиқчилик.

Қарағанди вилоятида ҳам сайёҳлар учун жозибадор масканлар кўп. Қарқарали миллий паркига йилига 20 минг одам келади, лекин ҳозир улар сонини кўпайтириш устида иш олиб бориляпти. Бунинг учун кемпинглардан иборат кичик шаҳарча бунёд этиш режа қилинган.

Динара Шарип, Қарқарали тумани тадбиркорлик ва саноат бўлими катта мутахассиси:

- Қарқарали туман ҳокимлиги шаҳар ва миллий парк ҳудудида тадбиркорлар лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун ер ажратади. Ўтган йили 8 та, бу йил 7 та участка ижарага берилди.

Қарқаралида жами 35 та санаторий бор. Бир вақтнинг ўзида 3 минг одам дам олиши учун шароит мавжуд. Лекин қарағай ўрмонлари бағрида дам олишни истовчилар сони тобора ортиб боряпти. Дарвоқе, жорий йилда маҳаллий бюджетга туризмдан тушган даромад ҳажми 260 миллион тенгедан ошди. Айни вақтда, туристик инфратузилмаларни ривожлантиришга ҳаракат қилинмоқда. Йил охиригача миллий парк ҳудудида 75 та ер участкаси ижарага берилади. Алоҳида қўриқланадиган табиат зонасининг бош режаси ишлаб чиқилган. Ҳозирда экологик экспертиза босқичида.

Абдумалик Сарманов таржимаси