Ҳукумат йиғилишида барча қулайликларга эга мактаб биноларини бунёд этиш масаласи кўриб чиқилди. Унинг доирасида 2024-2025 йилларда 740 минг ўқувчини ўз бағрига олувчи янги намуна асосидаги 369 та мактаб қурилади. Натижада, ўқувчи сони ҳаддан ташқари кўп синфлар, авария ҳолатидаги ва уч сменали мактаблар муаммоси ҳал этилиши кутиляпти. Минтақаларда мактаб қурилишига оид тегишли йўл хариталари тайёрланган. Уларни мебель ва технологик ашёлар билан таъминлаш стандартлари белгиланган. Янгидан қуриладиган мактаблар сифатли интернет ва билимдон ўқитувчилар билан таъминланади. Келгуси йилларда такомиллаштирилган стандартлар бўйича 49 минг нафар педагог тайёрланиши кутиляпти. Шу билан бирга, замонавий таълим даргоҳлари учун директорлар корпусини тайёрлаш йўлга қўйилади. Бош вазир Алихан Смаилов миллий лойиҳани рўёбга чиқариш борасида пудратчи ташкилотлар ва ер учаскаларини аниқлаш, тегишли лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ишларини жадаллаштириш лозимлигини таъкидлади. Жами 1,5 миллион ўқувчи учун қулай ва шинам таълим даргоҳлари очилиши режа қилинган. Жорий йилнинг ўзида 130 минг бола учун 146 та мактаб фойдаланишга топширилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси