Қозоғистонда педагоглар аттестацияси тартиби ўзгартирилди. Маориф вазирлиги маълум қилишича, 30 йиллик иш стажига эга, шунингдек, янги аттестация тизимига кўра категорияга эга ўқитувчилар малакасини белгилаб берувчи тест топширишдан озод қилинади. Улар фақат иккинчи босқичда, портфолио топширишда қатнашади, холос. Вазирлик пенсияга чиққунича 4 йилдан кам муддат қолган педагогларни ҳам аттестациядан озод қилиш таклифини берди. Категориясини оширишни истаганлар умумий тартибда тест топшира олади. Бундан ташқари, иккинчи босқичда ҳам ўзгаришлар бор. Зарур ҳужжатлар сони анча камайтирилиши, ҳар бир ўқитувчи учун тегишли маълумотлар киритилган электрон портфолио тузилиши мўлжалланган. «Педагог-стажёр» тушунчаси киритилади. Эндигина иш фаолиятини бошлаган ёшлар бир йилга ишга олинади.