Қозоғистонда «OITEK» меъморчилик илмий-тадқиқот маркази очилди

Қозоғистонда «OITEK» меъморчилик илмий-тадқиқот маркази очилди

Миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолиш ва замонавий шаҳарсоликда улардан фойдаланиш. Пойтахтда «OITEK» меъморчилик илмий-тадқиқот маркази тақдимоти ўтказилди. Марказ Қозоғистондаги тарихий обидаларни ўрганиш ва номадларнинг ўзига хос тажрибасини замонавий биноларни бунёд этиш учун тақдим этиш билан шуғулланади. Марказга таниқли меъмор, Қозоғистон гербининг муаллифи Жандарбек Малибеков раҳбарлик қилмоқда. Унинг бошчилигида кенг кўламли тадқиқот ишлари олиб борилди, мамлакатдаги қадимий бинолар қурилишидаги ўзига хосликлар бунга асос қилиб олинди. Бу даргоҳда янгича таълим олган, миллий меъморий мотивлардан фойдаланган ҳолда бетакрор шаҳар ландшафти яратишга қодир мутахассислар тайёрланиши кўзда тутилган.

Жандарбек Малибеков, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб, герб муаллифи, меъмор:

- Биз талабаларни минг йиллар давомида ривожланиб келган меъморчилик билан таништирамиз. Улар қаторида балбаллар ҳам, ер ости пантеонлари ҳам бор.  Ҳаммасини ўрганишимиз зарур. Меъморчилик ёдгорликларини тиклаш ва реставрация қилиш лозим. Биз шундай мутахассислар етиштирамиз. Махсус энциклопедияда Қозоғистоннинг барча ёдгорликларини тўплаш ниятидамиз. Ўтмишни қанчалик чуқур ўргансак, шу қадар самарали илгарилай оламиз.

Ерлан Сидиқов, Тарих фанлари доктори, Л.Н. Гумилёв номли евроосиё миллий университети ректори:

- Тарихимизда ажойиб меъморчилик ютуқларига эга ривожланган шаҳар маданияти мавжуд бўлгани тўғрисида маълумотлар бор.  Лекин уларнинг кўп қисми шу кунгача сақланиб қолмаган. Уларни албатта тиклаш керак. Жандарбек Малибеков раҳбарлигидаги марказ бу ишни мукаммал бажара олади. Зеро, пойтахтимизга ҳам, мамлакатнинг ошқа шаҳарларига ҳам ўз колоритига эга миллий меъморий услуб зарур. Мазкур марказ бўлажак меъморлар учун билим булоғи бўлишига ишонаман. Уларда ўзига хос фикрлаш шаклланиши керак. Номи афсоналарга уланиб кетган Жандарбек оға билан бирга ишлаш насиб қилган йигит-қизлар жуда омадли.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.