Қозоғистонда зироатчиларни маҳаллий уруғ навлари билан таъминлашга йўналтирилган мажмуавий режа ишлаб чиқилади. Республика Қишлоқ хўжалик вазирлиги маълум қилишича, Президент топшириғига кўра соҳани ривожлантириш ишлари амалга ошириляпти. Импортга муҳтожликни камайтириш учун Уруғчилик илмий-тадқиқот маркази яратилади. Унда «Селекция, уруғчилик ва маҳсулот етиштириш» жараёнлари ягона занжири барпо этилади. 2023 йилда соҳада янги ахборот тизими иш бошлайди. У уруғларнинг ишлаб чиқарувчидан товар хўжаликларгача маҳсулот етиб боришини рақамли форматда кузатиш имконини беради. Натижада тўла назорат йўлга қўйилади. Зироатчиларга давлат ёрдами кенгаяди. Баҳорги дала ишлари ва йиғим-теримни молиялаштириш 2 марта ошади, жами 140 миллиард тенгега етади.