Қозоғистонда ёнилғи-мойлаш материалларини электрон ахборот тизими орқали тақсимлашни йўлга қўйиш мўлжалланяпти. Қишлоқ хўжалиги ва Энергетика вазирликларининг қўшма лойиҳаси йил охиригача ишга тушиши режалаштирилган. Брифингда Энергетика вазири ўринбосари Асет Мағауов маълум қилишича, бу тизим ёнилғи етказиб берувчилар ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ўртасида бевосита шартнома тузиш имконини беради.
Асет Мағауов, Қозоғистон Республикаси энергетика вазири ўринбосари:
- Фикримизча, электрон ахборот тизимини ишга тушириш дизель ёнилғисини миришкорларга шаффоф шаклда тақсимлаш, савдо тизимидаги ортиқча бўғинларни олиб ташлаш, коррупция эҳтимолини йўққа чиқариш учун йўл очади. Шу тариқа, ёнилғи-мойлаш материаллари соҳасида очиқ ишлашга эришамиз.
Бундан ташқари, ягона маълумотлар базаси яратилади. Экспертлар фикрича, қишлоқ хўжалиги учун ёнилғи нархи бозордагидан 30 фоизгача арзонлашади. Умуман олганда, жорий йилда баҳорги дала ишларига қишлоқ хўжалиги ходимлари учун 400 минг тонна арзонлаштирилган дизель ёнилғиси ажратилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.