Ҳаётга йўлланма. Республиканинг олис қишлоқларида яшовчи иқтидорли болалар эндиликда энг кучли педагоглардан билим олиши мумкин. «Birgeoqý» лойиҳаси олис манзлгоҳлардаги болалар, илғор халқаро услублар, инновациявий технологиялар ва Қозоғистон ўқитувчилари учун кўприк бўляпти. Улар эндиликда интернет тармоғида учраша олади. Йил бошидан республикада Элбоши академияси онлайн-мактаби ишлаб турибди.
Лойиҳа ташкилотчилари фикрича, мактабдаги барча болалар билимга иштиёқманд, мақсад сари интилади. Улар «Минг бола» республика олимпиадаси асосида танлаб олинган. Барчаси бепул ўқийди. Шу кунларда мамлакатнинг барча қисмларидан бўлган бир ярим минг нафар 5-6-синфда ўқиётган бола шундай имкониятга эга бўлди.
Айжан Аршабаева, Элбоши академияси «Birge oqý» онлайн-мактаби координатори:
- Шу тариқа биз яхши ва сифатли таълимдан баҳраманд бўлишдаги нотенгликни тузатишга муваффақ бўлдик. Яъни бола қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳатто Қизил Ўрда вилоятининг Орол туманидаги олис қишлоқда яшаса ҳам фарқи йўқ, билим чўққисига эриша олади. Бизда жуда кўп шундай болалар бор. Уларнинг ҳаммаси қобилиятли, жуда иштиёқи баланд.
Таълим жараёнини академия координаторлари ва модераторлари кузатиб боради. Дарслар мунтазам ўтиши учун техник ёрдам кўрсатади. Дарсга ўз вақтида улана олмаганлар ёзиб олинган сабоқларни кўриши ҳам мумкин. Ҳозирча болаларга фақат асосий фанлар - математика, инглиз, рус ва қозоқ тиллари бўйича қўшимча дарс бериляпти.
Даяна Скендирова, «Birge oqý» онлайн-мактаби ўқувчиси:
- Ундаги ўқитувчилар мавзуларни жуда аниқ тушунтириб беради. Ҳаммаси аниқ айтилади. Бир кунда қўшимча сабоқ учун бир соат, одатда 11:15 дан 12:15 гача вақтим кетади. Формула ёрдамида топшириқлар ечишни яхши кўраман.
Келажакда лойиҳа ташкилотчилари таълимий контентни кенгайтиради, янада кўпроқ ўқувчи жалб этиш режалаштирилган. Келгуси йилдан бошлаб унга 10 мингдан зиёд қозоғисонлик жалб этилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси