Қозоғистонда 374 миллиард тенге қийматга эга 68 та лойиҳа рўёбга чиқарилади

Қозоғистонда 374 миллиард тенге қийматга эга 68 та лойиҳа рўёбга чиқарилади

2028 йилгача Қозоғистонда чиқиндиларни энергияга айлантирувчи заводлар ишга туширилиши режалаштирилган. Корхоналар Астана, Алмати ва Чимкентда бунёд этилади. Бунга жами 300 миллиард тенге сармоя киритилади. Лойиҳалар замонавий технологиялар ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини беради. Экология ва табиий захиралар вазирлиги вакиллари Астанада бўлиб ўтган "Green Energy & Waste Recycling" Х Евроосиё бизнес-форумида шундай баёнот берди. Юбилейини нишонлаётган майдонча Марказий Осиё ва МДҲ давлат органлари, халқаро ташкилотлар, бизнес ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини жамлади. Мамлакатда соҳани ривожлантириш учун 374 миллиард тенге қийматга эга 68 та лойиҳа маъқулланган. Улар саралаш ва қайта ишлаш мажмуаларини қуриш ҳамда модернизация қилиш, ихтисослаштирилган техникани янгилашни кўзда тутади. Тегишли вазирлик чиқиндиларни бошқариш тизимини рақамлаштиришни «устувор йўналишлардан бири», деб атади.


Руслан Тукенов, Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий захиралар вазирлиги Департамент директори:

- Давлат раҳбари уч йил ичида мамлакатни рақамлаштириш вазифасини қўйди. "Яшил Даму" асосида биз чиқиндиларни бошқариш бўйича миллий оператор ташкил этдик, у тўлиқ рақамлаштириш билан шуғулланади. Бу борада фаол ишлаяпмиз. Чиқинди пайдо бўлганидан утилизация қилингунича юз берган жараёнлар, инфратузилма фаолиятини онлайн кузатишни, ушбу маълумотлар асосида соҳани ривожлантиришга оид бошқарув қарорлари қабул қилишни хоҳлаймиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси