Қозоғистон ва Монголия президентлари музокара юритди

Қозоғистон ва Монголия президентлари музокара юритди

Бугун Ақўрдада Монголия Президентини кутиб олиш маросими ўтказилди. Ухнаа-гийн Хурэлсух Қозоғистонга давлат ташрифи билан келди. Президентлар делегация аъзоларини бир-бирига таништирди. Фахрий қоровул ротаси раҳбари рапорт берди, сўнгра икки мамлакат мадҳияси янгради.

Президентлар тор ва кенг таркибда музокаралар ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Монголия раҳбарининг ташрифи мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг янада ривожланишига туртки беришига ишонч билдирди. Зеро, алоқалар фаол ривожланяпти. Давлат раҳбарининг 2024 йилдаги Монголияга ташрифидан сўнг у стратегик даражага кўтарилди. Ўшанда 11 ҳужжат ҳамда 2027 йилгача мўлжалланган Ҳамкорлик йўл харитаси имзоланганди. Ўтган йили эса икки мамлакат ўзаро савдоси 130 миллион долларга етди, товар айланмаси ҳажми 8 фоизга ортди. Навбатдаги мақсад – экспортно-импорт алоқаларини 500 миллион долларга етказиш.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Йил сайин товар айланмаси кенгайиб боряпти. Биз саноат соҳасида қатор лойиҳаларни рўёбга чиқариш ниятидамиз. Бугун Астанада қозоқ-монгол бизнес-форуми ўтказиляпти, унда Монголиянинг қатор компаниялари иштирок этади. Биз бу ташаббусни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, кўрсатган ёрдамингиз учун миннатдормиз.

Ухнаа-гийн Хурэлсух, Монголия Президенти:

- Дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш Монголия ташқи сиёсатининг устуворликлари қаторига киради. Таъкидлашни истардимки, сўнгги икки йил ичида биз давлатлараро алоқаларга оид кўплаб муҳим вазифаларни адо этдик. Уларни янги даражага олиб чиқдик. Давлатларимиз ўртасидаги ишонч мустаҳкамланишида олий қонунчилик органлари алоҳида ўрин тутади.

Музокаралар якунига кўра, давлат раҳбарлари қўшма брифинг ўтказди. Қозоғистон Президенти самарали ва мазмунли суҳбат бўлганини таъкидлади. Асосий мавзулардан бири - транзит-транспорт соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш. Томонлар Астана – Улан-Батор ва Ўскемен – Улгий йўналишларидаги парвозларни қайта бошлайди. Автомагистраль қурилиши масаласи ҳам кўтарилди. Ҳар икки томон лойиҳадан манфаатдор. Бундан ташқари, тоғ-кон, рақамлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги Қозоғистон ва Монголия қўшма лойиҳалари катта салоҳиятга эга.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Бугунги кунда чорвачилик маҳсулотларининг халқаро хавфсчизлик стандартларига мос бўлишини таъминлаш ўта муҳим. Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги жониворларини самарали эмлаш воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Биз вакциналарни Монголияга етказиб беришдан манфаатдормиз. Келажакда қўшма ишлаб чиқаришлар ташкил этамиз. Қозоғистон  Монголиянинг Ер юзасини масофадан кузатиш режалари рўёбга чиқарилишини қўллаб-қувватлайди, биз биргаликда бу соҳада малакали мутахассислар тайёрлай оламиз.

Маданий-гуманитар алоқалар – томонлар учун яна бир кесишиш нуқтаси. Қосим-Жўмарт Тўқаев Монголия ижрочиси Мишель Жозефнинг ўтган йили кузда Астанада бўлиб ўтган Silk Way Star халқаро вокал танловидаги ғалабасини алоҳида тилга олди. Қозоғистон айни вақтда Монголия фуқаролари учун ажратиладиган таълим грантлари сонини ошириш ниятида, дея таъкидлади Давлат раҳбари. Бундан ташқари, Улан-Баторда Қозоғистоннинг етакчи оли ўқув юртларидан бирининг филиалини очиш масаласи кўтарилди. Музокаралар якунига кўра, жами 13 та ҳужжат имзоланди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Монголия Президентига «Олтин Қирон» орденини топширди. Давлат раҳбари таъкидлашича, олий давлат мукофоти тақдим этилиши қозоқ халқининг ҳурматини кўрсатади.