Қозоғистон ва Қирғизистон савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради

Қозоғистон ва Қирғизистон савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради

Мамлакатимиз Бош вазири Ўлжас Бектенов Астанага биринчи расмий ташриф билан келган Қирғизистон Бош взаири ва президент девони раҳбари Адилбек Қасималиев билан кенг ва тор доирада икки томонлама товар айланмасини кенгайтириш механизмларини муҳокама қилди. Томонлар республикалар ўртасида савдо ҳажми ортганини кўрсатиб ўтишди. Ўтган йили 1 миллиард 700 миллион доллар қийматга эга маҳсулот алмашинилди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич салкам икки марта - 3 миллиард долларга етиши режалаштирилган. Суҳбатдошлар савдо, инвестиция, транспорт, сув-энергетика сектори, агросаноат, туризм ва маданият соҳаларида ҳамкорлик масаласини кўриб чиқишди. Шу жумладан, экин-тикин мавсумида Чу ва Талас дарёлари орқали сув ўтказиш, Киров сув омборидан фойдаланиш хавфсизлиги, минтақавий энергетика хавфсизлиги масалаларига эътибор қаратилди. Музокаралар якунига кўра, Ўлжас Бектенов Қозоғистон Ҳукуматининг Қирғизистон билан ҳамкорликни ривожлантириш суръатларини оширишга тайёрлигини таъкидлади.


Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Давлат раҳбарлари икки давлат ўртасидаги товар айланмасини 2030 йилгача 3 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган. Ҳукумат уни рўёбга чиқаришга ҳаракат қиляпти. Сўнгги 15 йил ичида Қозоғистоннинг қирғиз иқтисодига киритган инвестициялари ҳажми 1,3 миллиард долларни ташкил қилди. Маданий-гуманитар алоқалар ривожланяпти. Қозоғистон Ҳукумати Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни барча йўналишларда қўллаб-қувватлашга тайёр.


Абдумалик Сарманов таржимаси