Замонавий Қозоғистон ҳудудида одамлар бир миллион йил аввал келиб жойлашган. Авваллари тарихчилар бу муддатни 510 минг йилга тенг, деб ҳисобларди. «Қозоғистон археологияси» тўпламида олимлар шундай фактлар келтирган. Унда сўнгги йиллардаги мамлакатимиз олимларининг энг сўнгги кашфиётлари жамланган. Шу жумладан, мазкур тўпламда палеолитдан сўнгги ўрта асрларгача бўлган давр батафсил ёритилган. Алоҳида ёдгорликларнинг мамлакат тарихчилигидаги аҳамияти кўрсатилган. 630 саҳифали китобнинг 6 бобида энг ёрқин топилмалар тилга олинган ва таҳлил қилинган. Аждодларимиз қадимий маданияти илдизлари, алоқалари ва ривожланиши тушунтириб берилган. Асар муаллифлари – Карл Байпақов ва Жакен Таймағамбетов Евроосиё ҳудудида ўтказилган муҳим қазиш ишларини тавсифлаган. Янги кашфиётларга хорижий илмий давраларда ҳам қизиқиш катта. Шунинг учун илмий асар инглиз тилида чоп этилди.
Жакен Таймағамбетов, тарих фанлари доктори, профессор, Миллий фанлар академияси академиги:
- Китоб биринчи марта рус тилида 2007 йилда чоп этилди. Кейин 2009 йилда қозоқ тилида босилди. Бу ишлар Қозоғистон ҳудудида тош давридан ўрта асрларгача бўлган вақтда юз берган тараққиётга оид кашфиётлар билан тўлдирилган. Ҳозир бу иш инглиз тилида чоп этилди. Мен хорижда кўп бўламан. Чет элликлар Қозоғистон археологияси ривожини кузатиб бормоқда, саволлар беришади. Керак маълумотларни топишолмаётгани айтишади. Шунинг учун Мустақиллик куни арафасида шу китоб чоп этилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси