Табиат дурдонаси кўринишидаги десертлар. Қозоғистонда туристлар учун ғаройиб пирожное ишлаб чиқарилди. Шу тариқа, саёҳатчилар қояларни томоша қилишдан ташқари, «Жумбақтас»ни татиб кўриш имконига эга бўлди. Сирли тош кўринишидаги десерт муаллифи испаниялик машҳур шоколатье ва шеф-қандолатчи Ханс Овандо. Мана шу асарни яратишдан аввал уста атайин Шучинск-Бурабай курорт зонасига келди, унинг дурдоналари билан танишди, маҳаллий аҳоли билан мулоқотда бўлди ҳамда анъанавий ингредиентларни ўрганди. Унинг фикрича, мазкур десерт Қозоғистон табиатига эҳтиром тимсоли бўлиб қолади.
Ханс Овандо, шоколатье ва шеф-қандолатчи, Испания:
– Мени Бурабайга таклиф қилишди. Жумбақтас тарихи ва афсоналарини билиб олдим. Шу тариқа, сирли қоятош шаклидаги торт яратиш ғояси туғилди. Бу - эртаклар, сирлар билан чулғанган қозоқлар тимсоли, у турли мамлакатлар туристларини жалб қилиши шубҳасиз. Шунинг учун Жумбақтас шаклида десерт тайёрлаш айни муддао.
Қандолатчилик ва туризмни уйғунлаштириш фикри Қозоғистон бизнеси вакилларининг ғояси. Ғояни «Kazakh Tourism» миллий компанияси қўллаб-қувватлади. Барқарор туризм ғояларини илгари суриш, туристик объектларни эҳтиёт қилиш, уларни сақлаб қолиш лозимлиги ҳақида маълумот тарқатишнинг бу формати самара беради.
Даниел Сержанұли, «Kazakh Tourism» миллий компанияси бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи:
– Тасаввур қилинг: меҳмонлар Астанага келади, бу десертни татиб кўради, у ҳақда билиб олади ва Бурабайга саёҳат қилишни режалаштиради. Аслини олганда, бугунги кунда жуда кўп туристлар Астанага келади. Улар айни вақтда Бурабайга ҳам бориши мумкин. Аслида мана шу иккита дистинация логистика жиҳатидан қулай ва бир-бирини ривожлантиришга ёрдам бера олиши аниқ.
Абдумалик Сарманов таржимаси

