Қозоғистон-Швейцария: янги ҳамкорлик уфқлари

Қозоғистон-Швейцария: янги ҳамкорлик уфқлари

Қозоғистон ва Швейцария сервис марказлари, фабрика, қайта ишланган термопластик тайёрловчи завод барпо этади, қўшма аграр фонд, чорвачилик мажмуаси ва кўплаб бошқа нарсаларни ташкил қилади. Томонлар 300 миллион доллардан зиёд маблағга тенг олтита шартнома имзолади. Женевада бўлиб ўтган Инвестициявий давра суҳбати якунлари шундай. Бундан ташқари, давлатлар Нур-Султондан Базелга қадар тўғридан-тўғри авиарейсни йўлга қўйишни мўлжаллаган.

Михаэль Швин, «Euro Airport Basel Mulhouse Freiburg» компанияси вице-президенти:

- Швейцариянинг 3 та йирик аэропортидан биттаси Базелда жойлашган. Халқаро ҳаво бандаргоҳи мақомига эга. У билан Нур-Султон ўртасида тўғридан-тўғри авиарейс очмоқчимиз. Бу билан икки давлат орасида туризм, савдо, юк ташув борасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ниятидамиз. Ҳозирча бу фақат ўзаро англашув тўғрисидаги меморандум. Аммо, шубҳасиз, бу келажак сари жиддий қадам. Қозоғистон биз учун Осиёдаги энг жозибали бозорлардан бири саналади.

Таъкидлаймиз, Швейцария узоқ йиллардан бери Қозоғистоннинг асосий стратегик ва инвестициявий шерикларидан бири. Сўнгги 15 йилда мазкур Европа давлати республикамиз иқтисодиётига 28 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритган. Ўз навбатида, Қозоғистон Швейцарияга 840 миллиондан ошиқ Америка валютаси миқдорида маблағ йўналтирган. Республикамизда 200 дан зиёд Швейцария компанияси муваффақиятли ишлаб келмоқда.

Дмитрий Абилдин, икра ишлаб чиқарувчи корхона директори:

- Швейцария бозори, Европа бозори Қозоғистон Республикасидан борадиган сифатли маҳсулотларга қизиқади. Маҳсулотимиз юқори экологик стандартга кўра қадрли. Швейцария билан эҳтимолий молиялаштириш борасида меморандум имзоладик. Швейцария томони ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр, бу фақат савдо компанияси эмас, балки осётрь икраси билан 40 йилдан кўпроқ вақтдан бери, бир неча авлод сифатида шуғулланиб келаётган одамлардир.

Бундан ташқари, Швейцарияда биринчи маҳаллий вакцина – Қазвакни рўйхатга олиш, Африка давлатлари, Лотин Америкаси ва Европа бозорида илгари суришда ҳамкорликда фаолият кўрсатиш ҳақида меморандум имзоланди.

Хуршида Абдуллаева таржимаси