Қозоғистон Президенти Арманистон Бош вазири билан музокара юритди

Қозоғистон Президенти Арманистон Бош вазири билан музокара юритди

Қозоғистон ва Арманистон 15 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзолади. Улар иқтисодиёт ва саноатдан бошлаб, рақамлаштириш ва фанга қадар бўлган асосий соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга йўналтирилган. Шунингдек, атом  энергетикаси ва қўшма амалий кенгаш ташкил этиш бўйича шартномалар тузилди. Ҳужжат алмашинув бугун  Ақўрдада мамлакатимиз президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Арманистон Бош вазири иштирокида бўлиб ўтди. Никол Пашинян расмий ташриф билан Астанага келди. Томонлар ўртасидаги музокаралар тор ва кенгайтирилган шаклда ўтказилди. Қозоғистон Президенти таъкидлаганидек, ушбу ташриф давлатлар ўртасида стратегик ҳамкорликни равнақ топтиришга кучли туртки беради.


Қосимўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


– Арманистон Қозоғистоннинг Жанубий Кавказдаги асосий сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири саналади. Қозоқ халқи арман халқига, унинг кўҳна тарихи, бой маданияти ва анъаналарига алоҳида эҳтиром билан қарайди. Мамлакатингиз қозоғистонликлар учун энг талабгир сайёҳлик йўналишларидан бирига айланди. Жорий йилда  давлатларимизни яқинлаштиришга хизмат қилган муҳим тадбирлар ташкил қилинди. Арманистонда биринчи марта Қозоғистон маданияти кунлари бўлиб ўтди, Ереванда буюк қозоқ шоири ва маърифатпарвари Абай Қўнонбоев шарафига парк очилди.


Қозоғистон ва Арманистон ўртасида иккитарафлама савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва илмий-таълимий алоқалар ривожланмоқда. Учрашув чоғида Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Никол Пашинян шу соҳаларни, шунингдек, транзит-транспорт, сармоявий шериклик, ер қаъридан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва сунъий идрокни жорий этиш, соғлиқни сақлаш каби йўналишларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Таъкидлаймиз, ўтган йили  Қозоғистон-Арманистон савдо алмашинуви  82 миллион долларни кўрсатган. Бу ҳажмни сезиларли ошириш мумкин. Қозоғистон арман бозорига 350 миллион долларга тенг маҳсулотларни таклиф қилишга ҳозир. 


Никол Пашинян, Арманистон Бош вазири:


- Биз Қозоғистон – мамлакатимиз учун намуна бўла олади, деб ҳисоблаймиз. Қозоқ халқини ҳурмат қиламиз, бу ҳурмат икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун асос бўлади. Бугун Қозоғистон Президенти билан ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини муҳокама қилдик. Менимча, минтақадаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда иқтисодий ҳамкорлик, транспорт алоқасини мустаҳкамлаш учун янги йўллар очиляпти. Транспорт соҳасидаги мавжуд салоҳият тўла рўёбга чиқарилиши керак, натижада янги имкониятлар яратилади.


Аслида ҳам Жанубий Кавказдаги янги геосиёсий вазият икки томонлама ва минтақалараро алоқаларни ривожлантириш, жумладан, транспорт-транзит соҳаси учун қулай шароитлар яратади, дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев. Ноябрь ойида Озарбайжон ва Арманистон ҳудуди орқали 1 минг тонна Қозоғистон буғдойи ташилди. Республикамиз Арманистонга юқори сифатли дон маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотларни мунтазам етказиб беришга тайёр. Мамлакатлар ўртасида бевосита авиаалоқа ўрнатилиши ҳам мўлжалланган.


Бугун Қозоғистон Президенти Арманистон Бош вазирига қозоқ-арман муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун «Олтин Қирон» орденини топширди.


Абдумалик Сарманов таржимаси