Қозоғистон портлари орқали юк ташиш кўпайди

Қозоғистон портлари орқали юк ташиш кўпайди

Қозоғистонда денгиз орқали юк ташиш ҳажми икки марта ортди. Шимолий терминал, Ақтау порти ва Қуриқ паром мажмуаси тўла куч билан ишлаяпти. Сўнгги икки объект яқин кунларда эркин иқтисодий зоналар қаторига киритилиши мумкин. Мамлакат экспортчиларини қўллаб-қувватлаш учун контейнер хаби қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун Ақтау портидан 19 гектар ер ажратилган. Яқин келажакда Қуриқ паром мажмуаси кенгайтирилади.

Серик Ахметов, Қуриқ порти бош директори:

– Эркин иқтисодий зона яратиш ва унга портни киритиш зарурлиги маълум. Жараённи ниҳоясига етказиш учун қатор ишларни амалга оширяпмиз. Аниқ қарорга келишлари учун Республика бюджет комиссияси кузги сессиясини кутяпмиз. Ўз томонимиздан зарур барча ишларни амалга оширдик. Сўнгги босқич қолди.

Транскаспий йўналиши оммалашиб боряпти

Транскаспий халқаро йўналишида эса юк ташиш ҳажми жорий йилда 6 марта ошиши мумкин. «Қазақстан темир жўли» берган прогнозларга кўра, транспорт йўлаги орқали 3 миллион тонна юк ташилиши лозим. 4 ой ичида 700  минг тонна юк етказиб берилди. Озарбайжонлик эксперт Ильгар Велизаденинг таъкидлашича, Каспийдаги фаол ўзаро алоқалар Қозоғистон транзит салоҳиятини кенгайтиради, қўшни мамлакатлар учун ҳам имкониятлар очади. Эслатамиз, бу йўналиш Хитой, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Қора денгиз орқали ўтади. Сўнгра Европа давлатларига етказиб берилади.

Ильгар Велизаде, Каспий макон таҳлили маркази раҳбари:

- Геосиёсий сабаблар туфайли бугунги кунда кўплаб транспорт оқимлари Транскаспий йўналиши орқали ўтказила бошлади, унда Қозоғистон жуда муҳим ўрин тутади. Шу муносабат билан таъкидлаш лозимки, Ақтау, Қуриқ портларида ушбу объектларнинг имкон қадар самарали ишлаши учун етарлича шарт-шароит яратилмоқда. Бу эса Қозоғистон ва унга қўшни давлатлар, шунингдек, ўз иқтисодий режаларини рўёбга чиқаришга интилаётган минтақадан ташқаридаги давлатлар манфаатига хизмат қилувчи кенг кўламли транспорт лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун имконият беради.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.