Қозоғистон миллий валютаси – тенгенинг муомалага киритилганига 30 йил тўлади. Мамлакат мустақиллиги тимсолларидан бирининг юбилейи шарафига Астанада кўргазма очилди. Унда 200 дан зиёд экспонат қўйилди. Унда тенгенинг дастлабки намуналардан коллекция тангаларигача бор. Таъкидлаш лозимки, тенгенинг дебют партияси Буюк Британияда чоп этилганди, дастлабки тангалар эса Германияда зарб этилган.
Ғалим
Байназаров, Қозоғистон Республикаси Миллий банкининг биринчи раиси (1992-1993 йиллар):
- Биринчи миллий
валюта дизайнини Қозоғистонда ишлаб чиқдик. Менинг имзом қўйилган дастлабки
партия Лондонда чоп этилди. Тўғри танлаган эканмиз. Сифат жиҳатидан
банкноталаримиз энг яхши намуналардан эди.
Дизайни ва сифати учун валютамиз 1994 йилда Буюк Британия қироличаси
Елизавета IIнинг олтин медалини олди.
Кейинроқ, 1995 йилда мамлакатнинг ўзида Банкнота фабрикаси очилди. Бу воқеа Қозоғистоннинг молиявий мустақиллигини мустаҳкамлади. Валютамиз 2011, 2012 ва 2013 йилларда халқаро банкнота ҳамжамияти томонидан дунёда энг яхши, деб тан олинди. Экспертлар таъкидлашича, бирорта бошқа банкнота бундай шарафга ноил бўлмаган. Тенге ҳозир ҳам халқаро даражада эъзозланади.
Жўмарт
Қажмуратов, Қозоғистон Республикаси Миллий банкининг банкнота фабрикаси
директори:
- Қалбаки
купюраларни ҳақиқийсидан бир қанча усулда ажратиш мумкин. Биринчи усулни ҳамма
билади. Уларнинг ҳар бирини маълум бурчак остида эгсангиз, банкнотадаги расм
ранги ўзгаради. Шунингдек, банкнотани
магазинларга қўйилган ускунадаги инфрақизил нурлар ёрдамида текшириш мумкин, учинчи
усул – экспертлар томонидан қўлланилади.
Тўртинчи усулни фақат Миллий банк мутахассислари билади. Унда пул
тайёрлашдаги нанотехнологиялар киритган ўзгаришлар ҳисобга олинади.
Мамлакатнинг дастлабки купюралари юзасида ал-Форобий, Суйинбай, Қурманғази, Чўқон Валихонов, Абай Қўнонбоев, Абулхаир хон ва Абилай хон каби мамлакат сиёсий ва маданий ҳаётига катта ҳисса қўшган таниқли шахслар тасвирланди. Тенгенинг иккинчи туркуми «ал-Форобий», учинчиси «Байтерек» деб аталди. Ҳозир эса тўртинчи авлод қоғоз пуллар – «Самруқ» банкноталари муомалага киритилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.