Қосим-Жўмарт Тўқаев нефть-газ соҳаси ходимларини табриклади

Қозоғистон нефть-газ соҳаси – 125 ёшда. Шу муносабат билан Қосим-Жўмарт Тўқаев соҳа ходимларини табриклади. Биринчи қозоқ нефти Атирау вилоятида қазиб олинган. Бугунги кунда ушбу соҳада 250 минг нафар одам ишлайди. Унда инновациявий технологиялар жорий этиляпти, янги экологик хавфсизлик стандартлари жорий этиляпти. Қозоғистонда хомашё қазиб олиш билан бирга, уни қайта ишлаш ҳам йўлга қўйилган. Бугунги кунда нефть маҳсулотлари ва ёнилғиларнинг деярли ҳаммаси бизда ишлаб чиқарилади, дея таъкидлади Давлат раҳбари. Президент соҳани ривожлантиришда дунёнинг етакчи нефть-газ корпорацияларининг ҳиссаси катталигини кўрсатиб ўтди. Тенгиз, Қашаған, Қарачағанақ конларининг, КТК лойиҳасининг ишга туширилиши давлат ва инвесторлар ўртасидаги ўзаро фойдали ҳамкорлик намунаси бўла олади. Қосим-Жўмарт Тўқаев нефть-газ секторидаги келажакдаги вазифаларни ҳам тилга олди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Нефть-газ соҳаси илмий-технологик тараққиётнинг олд марраларида турибди. Маҳсулот қазиб олиш ҳажми барқарор ўсиши учун геологоразведка ва конларни ўзлаштиришга илғор технологиялар жорий этиш зарур. Мисли кўрилмаган даражада беқарорлик кузатилаётган шароитда экспорт йўналишларини диверсификациялаш жуда муҳим. Нефтни қайта ишлаш сектори муҳим аҳамиятга эга. Экологик стандартларга мос нефть маҳсулотлари барқарор ишлаб чиқарилишини таъминлаш зарур. Истиқболли соҳалардан бири – нефть-газ химияси ҳисобланади. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.