Қозоғистонда янги инвестиция цикли ишга туширилади. Янги лойиҳаларга жалб қилинган маблағлар миллий иқтисодиёт ҳажмини икки марта – 450 миллиард долларгача оширишга олиб бориши керак. Бугун Қосим-Жўмарт Тўқаев юртимиз тадбиркорлари - «Алтин сапа», «Париз» ва «Қозоғистоннинг энг яхши маҳсулоти» танлови ғолибларини тақдирлаш маросимида ҳаракат режаси ҳақида айтиб ўтди. Давлат раҳбари томонидан сармоя жалб қилиш ишларининг ссмарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармон имзоланган. Эндиликда Инвестиция штаби вақтинчалик қонуний кучга эга меъёрий-ҳуқуқий актларни ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга бўлди. У қабул қилган қарорлар давлат органлари ва миллий компаниялар томонидан ижро этилиши шарт бўлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Умуман, сармоя жалб этишда «бюрократия нолга тенглиги – аниқ ҳаракатлар кўплиги» тамойили асосий қоида бўлиши керак. Давлат аппаратидан якуний натижаларга эътибор қаратиш талаб этилади, менинг топшириғимга кўра, ўз маблағини ишлов бериш саноатига йўналтирган инвесторлар келаси йилдан бошлаб, уч йил мобайнида солиқ тўловидан озод қилинади. Бу тизимли чоралар қатъий ва катта имтиёзли характерга эга, акс ҳолда, сармоя учун кескин халқаро рақобат шароитида Қозоғистон ўз олдига қўйган мақсадларига эришиши қийин бўлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев айтиб ўтганидек, мамлакатда «яшил йўлак» тамойили бўйича инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади. Уларни прокуратура органлари кузатиб боради.Бу сармоядорлар рухсат берувчи ҳужжатларга эга бўлишини енгиллаштириш ва тезлаштиришга, участкаларни олиш, коммуникация ўтказишни соддалаштиришга имкон беради. Умуман, жорий йилда Қозоғистонда 376 миллиард тенге қийматидаги 90 та инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилади. Айни пайтда жаҳон ва минтақавий саноат гигантлари республикага сармоядор сифатида кириб келмоқда. Мамлакатимизда Kia автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича тўлиқ циклли завод қурилиши бошланган. Президент таъкидлаганидек, давлат олдида айни пайтда мамлакатни реал саноатлаштириш ва янги саноат асосини шакллантириш борасида аниқ вазифалар турибди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- «Қозоғистонда ишлаб чиқарилган» маркаси энг юксак сифат, энг яхши маҳсулот рамзига айланиши керак. «Алтин сапа» танловининг асосий мақсади шунда ўз ифодасини топади. Бунда бизнес вакиллари аҳоли олдидаги жавобгарлигини чуқур ҳис қилиши керак. Ҳалол фуқаро – «Адал азамат» фақат ўз фаровонлиги ҳақидагина ўйламайди. У ўзи ишлаётган қадрдон ўлка учун ҳам ғамхўрлик қилади. Айни шундай тадбиркорлар жамият кўмаги ҳамда эътирофига сазовор бўлиши лозим. Дарҳақиқат, ўз юртига хизмат қилиш - энг олижаноб миссия. Жорий йилда «Париз» танлови иштирокчилари турли ижтимоий лойиҳаларда фаол қатнашди. Хайрия мақсадларида 80 миллиард тенгега яқин маблағ йўналтирилган. 6 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилган.
Қозоғистон раҳбари мамлакатда саноатлаштириш жараёнини давом эттиришни зарур, деб билади. Бир қатор тадбирлар қабул қилинган. Хусусан, «Саноат сиёсати тўғрисида»ги махсус қонун. Шунингдек, қайта ишловчи корхоналарни арзон хомашё билан таъминлаш ҳам ўта муҳим. Келгуси йилдан бошлаб, йирик хомашё ишлаб чиқарувчилар ички бозор эҳтиёжларини қоплаши шарт бўлади, дея таъкидлади Давлат раҳбари. Айтиш керак, умуман, ўтган йили ишлов бериш саноатида экспорт ҳажми рекорд даражага - 26 миллиард долларга етган, соҳага 1,5 триллион тенге сармоя жалб қилинган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.