Чехия Республикаси Қозоғистонга инвестиция йўллаш ниятида

Қозоғистон ва Чехия агросаноат соҳасида фаол ҳамкорлик қилади. Шу билан бирга, чехлар республика ҳудудида хомашёни қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун инвестиция киритишга тайёр. Астанада бўлиб ўтган бизнес-форумда истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди. Таъкидлаш лозимки, мамлакат қишлоқ хўжалиги салоҳиятини яхшироқ тушуниб олиш учун чех делегацияси аввалига Ақмўла вилоятига борди, пойтахтдаги тадбирдан сўнг эса жанубга, Туркистон вилоятига йўл олади.

Марек Виборни, Чехия Республикаси Қишлоқ хўжалик вазири:
- Энг аввало қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилинади. Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги қўллаб-қувватланишидан мамнунман. Ҳозир генетика, машинасозлик бўйича бирга ишлаш режалаштириляпти. Қозоғистон  замонавий агротехнологиялардан фойдаланган ҳолда янги шаклдаги фермаларни ривожлантириш ниятида эканлигини биламан, айнан шундай инновациявий усулларни Чехия Республикаси тақдим эта олади. Делегациямиз таркибида академик, илмий соҳалар, университетлар вакиллари бор.

Қишлоқ хўжалиги ҳамкорлик учун ўта жозибали эканлигини  рақамлар ҳам тасдиқлайди. Қозоғистон ва Чехия ўртасида жорий йилда товар айланмаси 40 фоизга етди ва 12 миллион долларни ташкил қилди. Умуман олганда, Чехия Республикаси мамлакатимизнинг Шарқий Европадаги стратегик ҳамкорларидан бири. 2022 йилда чехиялик тадбиркорлар Қозоғистонга 20 миллион доллар инвестиция киритди.

Алтинай Муқанова, «Kazakh Invest» Миллий компанияси ҲЖ Европа давлатлари билан ҳамкорлик шўъбаси раҳбари:
- Мустақил Қозоғистонга шу кунгача 2,8 миллиард доллар киритишди, биз улкан салоҳият кўряпмиз. Қозоғистон Европа давлатлари учун улкан логистика хаби ҳисобланади, инвестициялар йил сайин ортиб боришига умид қиламиз. Биз Чехия билан ҳамкорликда, айниқса, машинасозлик, металлургия ва қайта ишлаш саноатида, қишлоқ хўжалигида улкан салоҳият кўряпмиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.