Тоғ-чанғи курортлари Қозоғистоннинг ташриф қоғози бўлиши мумкин. Тобора кўпроқ хорижлик саёҳатчилар қишки таътил учун мамлакатимизни танламоқда. Ақмўла ва Шарқий Қозоғистон вилоятларидаги тоғ-чанғи курортлари меҳмонларни кутиб олишга тайёрланяпти. Навбатдаги лавҳамиз шу ҳақда.
Эрик Модесто Қозоғистонга илк марта ўтган қишда келганди. У бир гуруҳ чанғичилар билан бирга Риддерда дам олган. Қор қопламини сақлаб туриш учун совуқ ҳаво ва қуёшли кунлар кўплиги – спортчилар буни юқори баҳолайди. Хорижлик меҳмон фикрича, Қозоғистонда қишки туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд.
Эрик Модесто, сайёҳ:
- Қор сифатига келсак, Қозоғистон биринчи ўринда эканлиги шубҳасиз. Сафаримиз давомида ажойиб қор сақланиб турди, инфратузилмада камчиликлар бор, лекин биз Риддерга кўтарувчи мосламаларсиз юқорига чиқиш ниятида келганмиз. Биз табиийликни маъқул кўрамиз. Ва кутганимизга эришдик: ажойиб табиат, сифатли қор қоплами.
Ақмўла вилояти курорт зоналари ҳам қиш кунларида меҳмонларни кутиб олишга тайёрланяпти. Ҳозир чанғи йўналишлари, катоклар ҳозирланмоқда, сирпанчиқлар ва муз шаҳарчалар қурилаётир. Маҳаллий меҳмонхоналарда дам олувчилар учун махсус дастур тайёрланади.
Гулназ Неғметжанова, менежер:
- Кўл юзасида снегоходда сайр қилиш мумкин, бу жиҳозлар электр қуввати билан ҳаракатланади. Шунинг учун кўл устида йўналишлар очишимиз мумкин. Меҳмонлар истаса, коньки олиб кўлда учиши мумкин. Бурабай атрофида экскурсиялар ташкил қилинади. Морол хўжаликларига олиб борамиз. Кийикларга хўрак бериш, панта ичимликларини ичиш, қандайдир янги ҳиссиётларни сезиш мумкин.
Ҳар йили Щучинск-Бурабай курорт зонасига 1 миллиондан зиёд сайёҳ келади. Лекин қиш кунлари саёҳатчилар сони у қадар кўп эмас. Бу ҳудудда йирик спорт тадбирлари ўтказиш, муҳим саналарни байрам қилиш ҳисобига туристлар жалб этилиши кутиляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси