Қозоғистонда ижтимоий муҳим маҳсулотлар нархи барқарорлигича қолади. Ҳукумат йиғилишида Бош вазир Алихан Смаилов озиқ-овқат нархи кўтарилишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратишни топширди. Бундан ташқари, ҳукумат раҳбари бугунги шароитда тадбиркорликни фаоллаштириш учун саноатлаштиришда самарали фаолиятни йўлга қўйиш, ички ва ташқи инвестицияларни жалб этиш лозимлигига эътибор қаратди. Айни вақтда, у таъкидлаганидек, биринчи навбатда нохомашё соҳалар, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес ривожланиши зарур.
Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Бугунги мураккаб даврда энг муҳим вазифа – ўсиш суръатларини сақлаб қолган ҳолда иқтисодиёт жадаллашувини таъминлашдан иборат. Аҳоли даромадини ошириш, янги иш ўринлари очиш ва иқтисодиётни диверсификациялашга асосий эътибор қаратилиши лозим. Давлат раҳбари топшириғига кўра, Ҳукумат бунинг учун 2022 йилги фаолият дастурини амалга оширади. Аҳоли даромадини ошириш дастури ҳам ишлаб чиқилган. Давлат органларининг биринчи раҳбарлари ва ҳокимларга ҳужжатларда кўрсатилган тадбирлар сифатли ва самарали рўёбга чиқарилишини жиддий назоратга олишни топшираман.
Абдумалик Сарманов таржимаси