Пандемия шароитларига жадал мослашув. Қозоғистон иқтисодиёти ўсиш борасида умидли суръат намоён қиляпти. Жорий йил ўн бир ойи натижаларига кўра, ЯИМ ўсиши 3,8 фоизни кўрсатган. Бу ҳақда ҳукумат йиғилишида Республика Бош вазири Асқар Мамин маълум қилди. Унинг фикрича, мамлакат иқтисодиётининг барча соҳаларида жадал ривожланиш кузатилган.
Асқар Мамин, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
- Реал секторда барқарор ўсиш давом этмоқда. Қайта ишлаш саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 5,2 фоизга ошган. Машинасозликда 18,5 фоиз ўсиш кузатилган, жумладан, бу автомобилсозликда 21,3 фоиз, локомотив ҳамда вагонлар ишлаб чиқаришда 56,7 фоиз, қурилиш материалларида 9,2 фоиз, фармацевтикада 27,9 фоизга тенг. Тоғ-кон саноатида кўмир қазиб олиш 0,7 фоиз, металл рудасини қазиб олиш 3,9 фоиз ўсиши эвазига тикланиш кўзга ташланган. Хизмат кўрсатиш секторида савдо-транспорт билан боғлиқ хизматларда суръат юқорилиги ҳисобига 3,9 фоизга қадар барқарор ўсишга эришилган. Қурилиш соҳаси 6,2 фоиз ўсган.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбари айтиб ўтганидек, ўтган ўн бир ойда мамлакатда 13,4 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилган. Бу кўрсаткич 2020 йил айни даврига қараганда, 10 ярим фоизга кўпдир.
Хуршида Абдуллаева таржимаси