Иккинчи «Буюк Дашт юриши» отлиқ марафони давом этяпти

Иккинчи «Буюк Дашт юриши» отлиқ марафони давом этяпти

Қозоғистонда кенг кўламли «Буюк Дашт юриши» отлиқ марафон-пойгаси давом этяпти. Астанадан йўлга чиққан чавандозлар Ақмўла, Қарағанди, Қизил Ўрда, Туркистон ва Улитау минтақаларида бўлишди. Анжуман 19 сентябрь куни Туркистон шаҳрида ниҳоясига етади. 14 кун ичида мамлакатнинг барча минтақаларида шаклланган 20 та чавандозлар жамоаси 1 минг 300 километр йўл босади. Марафон-пойга VI Миллий спорт турлари фестивали доирасида амалга ошириляпти. Фестиваль иштирокчиларини Парламент Мажилиси раиси Ерлан Қўшанов қутлади.

 

Ерлан Қўшанов, Қозоғистон Республикаси Парламенти мажилиси раиси:

- Миллий маданиятни оммалаштириш, миллий спортни ривожлантириш ҳамиша президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг эътиборида. Давлат раҳбари ташаббусига кўра, келгуси йилда Қозоғистонда V Умумжаҳон кўчманчилар ўйинлари ўтказилади. Кенг кўламли бу спорт анжуманини ташкил этиш мамлакат учун жуда масъулиятли иш. Мазкур фестиваль халқаро беллашувлар дебочаси бўлди.

 

Ҳар тўрт йилда ўтказиладиган анжуманда мамлакатнинг турли қисмларидан бир минг уч юз нафардан зиёд спортчи қатнашади. Улар спортнинг ўн бир тури бўйича беллашади. Фестиваль ғолиблари 11 сентябрда аниқланади.