Берлиннинг қоқ юрагида ҳақиқий ўтов тикилди ва миллий мусиқа янгради. Республика Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирга келганлар чопон кийиб кўриши, дўмбира чалиши мумкин. «Табиат, маданият, одамлар. Ром этувчи Қозоғистон» фотосуратлар кўргазмасини ушбу давлатдаги мамлакатимиз элчихонаси ва «Қозон» ҳамжамияти ташкил қилди.
Қозоқ Миллий санъат университети талабалари алоҳида дастур намойиш этди, унга Қурманғази ва Дина куйлари, севимли халқ қўшиқлари киритилди. Ажойиб вокал ижро ҳамда дўмбирада янграган тенгсиз мусиқа берлинликларни ҳайратда қолдирди.
Биргит Ветцель, журналист:
- Менга қозоқ мусиқаси жуда ёқади. Шу қадар яхши кўраманки, ҳатто бир қанча дискларини харид қилганман. Концерт видеосини ёзиб олганман. Яккахоннинг жўшқин овози жуда тўлқинлантирди. Уни ижтимоий тармоққа қўймоқчиман. Кўргазма Қозоғистонни тарғиб қилади. Мамлакатингизга бориш иштиёқини уйғотади.
Фотокўргазма туфайли томошабинлар Чарин каньони, навқирон пойтахт, бепоён дашт манзаралари ва от уюрларини томоша қила олади. Бетакрор пейзажлар ҳаммани ўзига хос, замонавий ва кўп қиррали Қозоғистонга олиб кетгандек туюлди.
Маттиас Люттенберг, ГФР ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатлар бўйича ваколатли вакили:
- Ушбу кўргазма менга жуда ёқди. Айниқса, мусиқа ва артистлар маҳорати қойил қолдирди. Бизда, Берлинда қозоқ куйларини тинглаш жуда ёқимли. Улар Қозоғистоннинг бир қисмини тақдим этди. Афсуски, бирор марта Қозоғистонга бормаганман. Лекин саёҳат қилишни истайман. Қозоғистон халқини Мустақилликнинг 30 йиллиги билан табриклайман! Ўтган давр ичида мамлакат мутлақо ўзгарди. Фаровонлик тилайман!
Берлиндаги Қозоғистонга бағишланган фотокўргазма икки ҳафта давом этади. Сўнгра ташкилотчилар инсталляцияларни Франкфурт ва Мюнхенда намойиш этмоқчи.
Абдумалик Сарманов таржимаси