Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Теректи туманида Олтин Ўрда даврига оид мақбара топилди. Бу объект 14-асрга оид. Археологлар фикрича, ушбу ҳудудда ўтроқ ҳаёт тарзи излари сақланиб қолган. Масалан, куйдирилган қизил ғишт ўрта асрлар қурувчилари маҳоратидан дарак беради. Топилган тақинчоқлар эса заргарлик мактаби шакллангани ва ривожланганига далил бўла олади. Мақбарага ёндашган биноларда бошқа артефактлар ҳам топилди. Олимлар тахминига кўра, ушбу мақбара дахмасига бўйчан одам дафн этилган.
Асхат Бисенғалиев, археолог:
– Бу ерда биз қурбон қилинган жониворлар суякларини ҳам топдик. Улар орасида от ва қўй қолдиқлари ҳам бор. Бундай топилмалар аждодларимиз қандай яшаганини англашга ёрдам беради. Буларни мактабда, дарсликларда кўрганмиз. Энди ўзимиз ҳам артефактларни қазиб оляпмиз.
Ғиштлар деярли квадрат шаклида, усталар ишлагани сезилади. Уларга чизиқлар, айлана шакли туширилган. Шу тариқа, усталар куйдиришдан олдин бинонинг турли қисмлари - пойдевори, таги, деворлари ва гумбази учун зарур бўлганларини белгилашган. Мустақиллик йилларида минтақа археологлари 2 мингта тарихий ёдгорликларни ўрганди.
Яна Луқпанова, вилоят ўлкашунослик музейи тарих ва археология бўлими илмий ходими:
- Шов-шувли топилмаларга дуч келдик. Булар бебаҳо тарих ёдгорликлари ҳисобланади. Қадимий шаҳарлар, қўрғон ва мақбаралар аниқланди. Булар археологларнинг Мустақилликнинг 30 йиллигига совғаси, дея оламан.
Теректи туманида топилган «Тақсай» мажмуаси Қозоғистон муқаддас қадамжолари қаторига киритилган. Энди бу мақбара давлат ҳимоясига олинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси