Фан жамғармаси экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди

Фан жамғармаси экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди

Фан жамғармаси кўмак бераётган лойиҳаларнинг учдан бир қисми экология билан боғлиқ. Сўнгги беш йил ичида қозоғистонлик олимлар жами 40 та ноёб эко ноу-хау яратди. Улардан бири – атмосферага ис гази ва бошқа зарарли газлар чиқиши олдини олиш имкониятини яратувчи ноёб фильтр. Лойиҳа муаллифи – Қозоғистондаги Сокольский номли ёнилғи, катализ ва электрокимё институти  мутахассислари.

Арин Ўрсариев, «Фан жамғармаси» ҲЖ бошқаруви раиси:

– Қувурга яримайлана шаклидаги диск ўрнатилади, у орқали илиқ ҳво ўтади.  Фильтр ичида кучли кимёвий реакция бошланади. Сокольский номли институтда яратилган технологиялар ёрдамида бу кимёвий реакция тутунни тозалайди. Фильтрлар одатда кўп қаватдан иборат бўлади. Олдинига мураккаб кимёвий бирикмалар, кейин ис гази йўқ қилинади. Ис газини ҳам ёндириб юбориши сабабли ундан фойдаланган корхона чиқинди учун давлатга камроқ солиқ тўлайди. Яъни ўзлари ҳам фойда қилади, ҳаво ҳам анча тозаланади.

Бундай фильтрлар автомобилларга, саноат ва нефть қазиб олувчи корхоналарга ўрнатилиши мумкин. Шу кунларда мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулот республиканинг қатор минтақаларида атроф-муҳитни тозалашга хизмат қила бошлади. Атирау, Ақтўбе, Қизил Ўрда ва Павлодар вилоятларида зарарли чиқиндилар аввалгидан анча камайди. 

Бўлатбек Ҳусайн, Лойиҳа Раҳбари, «Д. В. Сокольский номли ёнилғи, катализ ва электрокимё институти» Бош директори ўринбосари:

– Каталитик нейтрализаторлар автотранспорт ва саноат объектларига ўрнатилиши мумкин. Аслида барча автомобилларга шунга ўхшаш ускуна қўйилади, уларнинг хизмат муддати 100 минг километр ёки бир-бир ярим йилни ташкил қилади. Фан жамғармаси билан ҳамкорликда биз цех ташкил этдик, йилига беш мингтагача ускуна чиқара олиш қувватига эгамиз. Лекин уни кенгайтириш қийин эмас. Буюртмалар тушса, эҳтиёж сезилса, фильтрларни юриб турган ва янгидан йиғилган автомобилларга ўрнатса бўлади.

Лойиҳа устида иш бошланганидан кейин ўтган бир неча йил давомида олимлар маҳсулоти 336 миллион тенге даромад келтирди. Қозоғистонлик олимлар яратган маҳсулотларга хорижда, айниқса, Монголия ва Хитойда қизиқиш катта. 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.