Ер қаъридан фойдаланувчилар мониторинги учун платформа ишлаб чиқилди

Ер қаъридан фойдаланувчилар мониторинги учун платформа ишлаб чиқилди

Minerals.gov.kz. сайтида лицензияланган майдонлар тақсимланишидан хабардор бўлиш ва ер қаъридан фойдаланувчилар фаолиятини кузатиб бориш мумкин. Унда инвесторлар учун сўралган участкалар тўғрисида тўлиқ маълумот ҳам мавжуд бўлиб, ёндош инфратузилмалардан тортиб, электрон форматдаги аввалги геологик ва геофизик ҳисоботларгача ўрин олган. Жорий йилнинг май ойида ушбу сервисни саноатда фойдаланишга топшириш режа қилинган, дейди ишланма муаллифлари. Лойиҳа Рақамлаштириш ва Саноат вазирлиги, шунингдек,  «Қазақстан Ғариш Сапари» миллий компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Ҳозирда платформани яхшилаш ва ривожлантириш учун таклифлар ўрганилмоқда. Келгусида ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан лицензия ва шартнома шартлари бажарилишини назорат қилиш бўйича янги функциялар ишлаб чиқилади.

Қуандиқ Шуленбаев, «Қазақстан ғариш сапари» миллий компанияси бошқарув раиси ўринбосари:

– Бугунги кунда ер қаъридан фойдаланувчилар, инвесторлар платформа орқали ер қаъридан фойдаланиш учун тақиқланган ёки рухсат этилган,  қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар қандай геологик қидирув ишлари олиб борилиши мумкин бўлган ҳудудларни танлаш имкониятига эга. Платформа геологик ҳисоботларни ўрганиш имконини яратади, улар сони 30 мингдан ошган, жорий йилда сайтга яна 20 мингдан кўпроқ қўшимча ҳисобот киритишни режа қилганмиз, исталган фойдаланувчи уларни онлайн тартибда кўриб чиқиши ва кўчириб олиши мумкин бўлади. Шу тариқа, платформа тўла-тўкис шаффоф ҳолда, онлайн тартибда, автоматик тарзда қидирув ёки қазиб олиш учун лицензияга эга бўлиш имконини беради. Кейинчалик Ер ости бойликлари тўғрисидаги кодексга мувофиқ келгуси бизнес-жараёнларни ишлаб чиқиш кўзланмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси