Евроосиё Тараққиёт банки экспертлари айтишича, жорий йилда Қозоғистонда иқтисодиёт 4 фоизга ортиши кутилмоқда. Глобал иқтисодиёт тикланиши ва нефть нархи кўтарилиши бунга имкон беради. Жорий йилда мамлакат ичида ишлаб чиқариш инқирозгача бўлган даражага қайтиши тахмин қилиняпти. Чунки карантин чекловлари юмшатилиши истеъмолчилар талаби ошишига сабаб бўлмоқда. Айни вақтда, ҳаракатланиш ҳамма йўналишларда ҳам очиқ бўлмагани сабабли транспорт-логистика соҳаси ва туризмда муаммолар сақланиб қолмоқда. ЕОТБ хабарида қурилиш соҳаси энг юқори суръатлар билан ривожланиши кўрсатилган, у иқтисодий ўсишнинг ҳаракатланувчи кучига айланади. Банк берган янги маълумотларга кўра, 2022 йилда Қозоғистон иқтисодиёти яна 4,4 фоизга, 2023 йилда 5 фоизга ўсиши кутилади. Жорий йилда инфляция даражаси 6,7 фоиздан ошмаслиги тахмин қилинади. 2022 йилда эса 5,7 фоизгача пасаяди.