Янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолди. Ўқувчилар учун ҳаяжонли кунлар яқинлашяпти. Бугун Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев пойтахтдаги янги таълим масканларини бориб кўрди. Уларнинг барчаси «Шинам мактаб» дастури доирасида қурилган. 103-мактабда Давлат раҳбари замонавий ускуналар билан жиҳозланган ўқув кабинетларини кўрди. Унда биноларнинг ичи ҳам, атрофидаги ҳудуд ҳам тўла видеокузатувга олинган, кириш жойида қўшимча назорат ўрнатилган, кабинетлар алоҳида блокларга ажратилгани сабабли хавфсизлик даражаси янада оширилган. Шунингдек, алоҳида эҳтиёжларга эга болалар учун зарур шарт-шароит яратилган. Сўнгра Президент 101-мактабга борди. Бу ерда 4 минг нафар бола икки сменада таълим олади. Қосим-Жўмарт Тўқаев таълим ва ижод учун мўлжалланган кабинетлар, спорт ва мажлислар зали билан танишди. Янги мактабда асосий эътибор болаларнинг ижодий малакаларини шакллантиришга, рақамли технологиялар ва робототехникани ўрганишга, сунъий интеллектдан фойдаланишга қаратилган. Астана ҳокими Женис Қасимбек Давлат раҳбарига «Шинам мактаб» миллий дастури доирасида пойтахтда 24 та мактаб қурилаётганини баён қилди. Маориф вазири таъкидлашича, мамлакатда шу кунларда жами 300 тадан зиёд ўрта таълим масканлари бунёд этиляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси.