Яна бир марта, бу сафар бошқа препарат билан коронавирусга қарши эмлаш олиш мумкинми? Аҳолини ташвишлантирган саволга иммунологлар жавоб берди. Эслатамиз, шу кунларда Қозоғистонда «Спутник-V», «HayatVax» ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган «QazVac» вакциналари қўлланмоқда. Хавфли касалликнинг янги штаммлари чиқиши билан қозоғистонликлар оммавий тарзда эмлана бошланди. Лекин мамлакатда мавжуд вакцинани олган бўлса-да, фуқаролар барибир айрим давлатларга бора олмайди. Шунинг учун аҳоли Pfizer, Moderna ёки AstraZeneca каби вакциналарни қабул қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида сўраяпти. Тиббиёт фанлари доктори Куляш Қурманова айтишича, яна бир ковидга қарши препарат олишнинг хавфли жиҳати йўқ.
Куляш Қурманова, Тиббиёт фанлари доктори:
- Биз аввалига биринчи, кейин иккинчи компонент билан эмлаймиз. Натижада, иммуноглобулинлар ишлаб чиқариш фаоллашади. Организм иммунологик хотирасини кучайтиради. Вакцина олганлар яна битта вакцина олиши хавфли эмас. Иммуноглобулин пайдо бўлгач, фуқаролар бошқа препаратни ҳам олиши мумкин. Бу ишни 2-3 ойдан кейин, ҳатто 3 ҳафта ўтгач, амалга ошириш мумкин. Ҳаммаси одам организми вакцинани қандай қабул қилишига боғлиқ. Умуман олганда, вакцина туфайли пайдо бўлган иммунитет бир йилгача таъсирини йўқотмайди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатда 4 миллион 372 минг одам биринчи, салкам 2 миллион 443 минг одам иккинчи компонентни олиб улгурди.
Абдумалик Сарманов таржимаси