Қозоғистонда 84 та йирик инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқарилади. Улар асосан қайта ишлаш саноати, инфратузилмалар ва уй-жой қурилиши билан боғлиқ. Иккинчи даражали банклар дастурларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Бош вазир раислигида ўтказилган Ҳукумат йиғилишида шундай баёнот берилди. Унда мамлакат иқтисодининг реал секторини молиялаштириш бўйича Президент топшириқларини бажариш масаласи кўрилди. Кредитлашда давлат кафолатлари улуши ортади, натижада, 13 минг километр автомобиль ва 585 километр темир йўлда қурилиш ишлари бошланади. Жорий йилда мисли кўрилмаган даражда кўп – 19 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилиши кутиляпти. Йиғилишда солиқлар, имтиёзли молиялаштириладиган соҳалар рўйхатини кенгайтириш, кредит олиш муддатини камайтириш учун жараённи рақамлаштириш, давлат органлари билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари кўрилди. Муҳокама якунига кўра Ўлжас Бектенов иқтисодни молиялаштиришда янгича ёндашувлар биргаликда жорий этилиши зарурлигига банк раҳбарлари эътиборини қаратди. Бизнес-лойиҳаларга устуворлик берилиши лозим, дея таъкидлади Бош вазир.
Абдумалик Сарманов таржимаси

