Давлат субсидияси Алмати вилоятида балиқ хўжаликлари кўпайишига йўл очиб берди. Тадбиркор Марлен Турсинали 10 йилдан буён Есик дарёси яқинида балиқ етиштириш билан шуғулланади. У раҳбарлик қиладиган корхона йилига 200 тонна форель етказиб беради.
Марлен Турсинали, тадбиркор:
- Бугунги кунда дарё соҳилларида балиқ хўжаликлари ташкил этишга рухсат бериляпти. Бу эса рўёбга чиқарилаётган асосий таклифларимиздан бири. Балиқ хўжалигини йўлга қўйишда кетадиган харажатларни қоплаш учун субсидия ажратиш бўйича ишлар амалга ошириляпти.
Вилоят балиқ хўжалиги қўмитаси махсус дастурига кўра 2021 йилда минтақада 3700 тонна балиқ савдога чиқарилиши кўзда тутилган. Кейинги йили эса бу кўрсаткич 6 минг тоннага етказилади.
Алмат Суйеубаев, Балхаш-Алакўл вилоятлараро бассейни балиқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи:
- Ўстириш учун чавоқ балиқчалар олсангиз, харажатнинг 50 фоизи қайтарилади. Сарфланган пулининг ярми тадбиркорга қайтиб берилади. Семиртиришга кетган балиқ озуқаси қийматининг 30 фоизини субсидиялаш ва бошқа енгилликлар жорий этиш масаласи кўриляпти.
Таъкидлаш лозимки, Алмати вилоятида балиқ етиштириш билан шуғулланувчи 25 та хўжалик бор. Қапчағайдаги корхонанинг ўзи йилига 10 минг тонна балиқ етиштириш ниятида. Маҳсулотнинг 60 фоизи хорижга экспорт қилинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси