«Бакрабалиқ-2023» акцияси ниҳоясига етди

«Бакрабалиқ-2023» акцияси ниҳоясига етди

Ёйиқ-Каспий ҳавзасида мингдан зиёд табиатни муҳофаза қилишда доир қонунчиликни бузиш ҳоллари аниқланди. 669 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди. Браконьерлик ва ноёб, йўқолиб кетиш арафасида турган балиқ турларини ноқонуний овлаганлар устидан 36 та жиноий иш қўзғатилди. 15 ярим миллион тенге жарима солинди. Экология, геология ва табиий захиралар вазирлигида «Бакрабалиқ-2023» балиқларни муҳофаза қилиш акцияси якунлари эълон қилинди. Ҳар йили ўтказиладиган тадбирдан мақсад – ноқонуний балиқ овлаш ҳолатларига барҳам бериш ва йўқолиб бораётган балиқларни сақлаб қолишдан иборат.

Аян  Бахиянов, Қозоғистон Республикаси экология, геология ва табиий захиралар вазирлиги балиқ хўжалиги қўмитаси раиси ўринбосари:

- 68 тонна балиқ, жумладан, 1000 килограммдан зиёд бакрабалиқ, 29 килограмм бакрабалиқ увилдириғи ноқонуний айланмадан чиқарилди. 295 та балиқ овлаш анжоми, 76 та сув транспорти ва 13 та автомашина мусодара қилинди. Дарё ва денгиз сатҳи трал қилиниши оқибатида ноқонуний балиқ овлаш учун қўйилган умумий узунлиги 74 километрдан зиёд 743 та тўр топилди.

Таъкидлаш лозимки, ахборот тизимлари ҳам балиқ маҳсулотлари яширин айланмасига қарши курашда ёрдам беради. Ҳозир у синовдан ўтяпти. Экспертлар фикрича, унинг ёрдамида балиқ овлашдан тортиб, охирги истеъмолчига сотишгача бўлган барча жараёнларни кузатиб бориш мумкин. Бунинг учун вазирлик дронлар ва қоронғида кузатиш учун махсус ускуналар харид қилмоқда. Умуман олганда, балиқ хўжалиги инспекциялари моддий-техник базасини ривожлантириш учун 2  миллиард тенге ажратилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси