«Бўлашақ» дастури 30 йил ичида даврга мослашиб, халқаро талабларга мувофиқлашди. Дастур меҳнат бозори учун зарур мутахассисларни тайёрлашда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Халқаро стипендиянинг юбилей санаси муносабати билан пойтахтимизда 50 давлатдан келган олим ва экспертлар «Бўлашақ» дастуридаги янгиланишларни муҳокама қилди. Шунингдек, тадбир давомида тез орада Қозоғистон минтақаларида хорижий университетлар филиаллари очилиши маълум қилинди.
Алия Оспанова, «Халқаро дастурлар маркази» АЖ бошқарма бошлиғи:
- Биз дастлаб техник ва тиббий мутахассисликларга эътибор қаратдик. Иккинчидан, овул ёшлари ва номзодлар учун махсус квота ажратдик. Учинчидан, илм-фанга кўпроқ аҳамият бердик. Шу билан бирга, Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб, «500 олим» дастурини татбиқ этдик.
Пол Нун Обе, Ковентри университети профессори:
- Қозоғистонлик ёшлар ўта билимли. Ўтган йили университетимизга 30 нафар талаба келган бўлса, жорий йилда яна 30 киши келган. Ҳаммаси ўқув жараёнига тезгина киришиб, мослашиб кетди. Қозоғистон – ёш мамлакат. Шундай бўлса-да, инсон капитали яхши ривожланганини кўриб турибмиз. Университетимиз Қозоғистондаги илмий соҳа бундан кейин ҳам равнақ топиши учун кўмагини аямайди. Шу боис, Қозоғистон билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз, бунга тайёрмиз.
«Бўлашақ» дастури доирасида 12 минг нафар қозоғистонлик чет эллардаги нуфузли олий ўқув юртларида билим олди. Бугунги кунда улар турли соҳаларда юрт манфаати учун хизмат қилмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси.