Астанада япон компанияларининг энергия лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди

Астанада япон компанияларининг энергия лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди

Қозоғистон ва Япония «яшил» технологиялар соҳасида ҳамкорликни фаол мустаҳкамлаяпти. Астанада углерод чиқиндиларини камайтириш ва атроф-муҳит муҳофазасига йўналтирилган япон инновациявий ишланмалари тақдимоти бўлиб ўтди. Бу қуёш ва шамол энергетикаси, углеродли кредитлар ва биоэнергетика соҳаларидаги ечимлар. Майдонча давлат тузилмалари, бизнес ва япон компаниялари вакилларини ўзида жамлади. Учрашув иштирокчилари технологияларни Қозоғистон бозорига татбиқ этиш, шу билан бирга, келгусида савдо-сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди. Токио  губернатори Юрико Коикэ Қозоғистон пойтахтидаги жадал ўсишни, хусусан, ёш тадбиркорлар сони ошгани ва юқори технологиялар жорий этилганини юксак баҳолади. Глобал чорловларга биргаликда жавоб қайтариш салоҳиятини алоҳида айтиб ўтиш асносида Қозоғистон компанияларини келаси йили бўлиб ўтадиган халқаро SusHi Tech Tokyo стартап-анжуманида иштирок этишга чақирди.


Мурат Қаримсақов, Қозоғистон Ташқи савдо палатаси бошқарув раиси:


 – Бугун Қозоғистон учун нима қизиқарли? Бу «яшил» энергетика, атом энергетикаси соҳасидаги технологиялар. Асосий вазифалардан бири – инфратузилмани, транспорт, логистикани ривожлантириш, бугун бу борада япон  компаниялари билан ҳамкорлик қила оламиз, савдо-иқтисодий, сармоявий шерикликни кенгайтирамиз.


Морихару Окано, Токио Ҳукуматининг Ҳамкорлик ва саноат сиёсатини илгари суриш бўйича катта директори:


 – Бугун таништирилган компаниялар – Global South лойиҳаси доирасида иш олиб борувчи стартаплар бўлиб, экология борасидаги глобал ўзгаришларга, яъни «яшил» энергетикани ривожлантириш, углерод чиқиндиларини камайтиришга йўналтирилган.


Компаниялардан бири дрондан фойдаланиладиган логистика билан шуғулланади. Бу ёнилғи сарфини, ишланган газлар чиқишини қисқартиришга имкон беради, йўллардаги тиқилинчни айланиб ўтиб, етказиб беришни тезлаштиради. Яна бир компания шамол электр станциялари учун паррак ишлаб чиқаради, тикланувчи энергетика равнақига ҳисса қўшади.


Абдумалик Сарманов таржимаси