Таълимда қандай ўзгаришлар юз беради? Қозоғистон мактаблари янги ўқув йилини ўзгаришлар билан бошлайди. 1 сентябрдан уч тиллилик бекор қилинади. Маҳаллий ва халқаро экспертлар таҳлили натижасига кўра шундай қарорга келинди. Унга мувофиқ, бошланғич синф ўқувчилари бир вақтда уч тилни ўзлаштириши қийинлиги аниқланди. Шу тариқа, биринчи синфда аввал она тили ўрганилади, иккинчи синфда қозоқ ёки рус тили қўшилади, учинчи синфда чет тили ўрганилади. Маориф вазири Асхат Аймағамбетов мактабгача таълимда юз берган қатор ўзгаришларни ҳам тилга олди. Унинг таъкидлашича, болалар хавфсизлигига эътибор қаратиш керак.
Асхат Аймағамбетов, Қозоғистон Республикаси маориф вазири:
- Агар боғчада зўравонлик ҳолатлари мавжуд бўлса, уларнинг фаолияти, таълим-тарбияга оид белгиланган оддий меъёрий талаблар бажарилмаса, кечирасизу, бундай ишлашга йўл қўймаймиз. Талаблар кучайтирилади. Биринчидан, ҳамма жойга кузатув камералари ўрнатилиши шарт. Иккинчидан, санитария ва ёнғиннинг олдини олиш талаблари. Тўққиз квадрат метр майдонда 25 нафар болага дарс ўтиш мумкин эмас. Учинчи масала: тарбиячилар малакаси. Кўчадан келган одам болалар билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.
Катта синфларда ўқиётганлар учун яхши янгилик. Эндиликда халқаро олимпиадаларнинг ғолиб ва совриндорлари ягона миллий тест топшириши шарт эмас. Улар мамлакат олий илмгоҳларида таълим олиш учун грантга эга бўлади. Халқаро заковат беллашувларида ғолиб бўлган болаларга 4,5 миллион тенгегача мукофот берилади. Ўқувчиларни тайёрлаган ўқитувчиларга ҳам мукофот ажратилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.