Ақмўла вилоятида 300 га яқин объект «Ashyq» лойиҳасидан фойдаланмоқда

Ақмўла вилоятида 300 га яқин объект «Ashyq» лойиҳасидан фойдаланмоқда

Ақмўла вилоятидаги туристик объектлар «Ashyq» билан ишлай бошлади. Масалан, Бурабай курортида 50 дан зиёд тадбиркорлик объектлари иловага уланган.

Дина Гамолко, отель маъмури:

– Биз вакцинация паспортини сўрамаймиз. Меҳмонларни отелга «Ashyq» дастури воситасида киритамиз, унда барча маълумотлар мавжуд. Қолаверса, ҳарорати ўлчанади, қайд этилади ва жой берилади.

Минтақадаги бошқа курортларга ҳам меҳмонлар шу мобиль илова орқали текширувдан сўнг қабул қилинади. Соҳа мутахассислари фикрича, мазкур тадбир умумий хавфсизлик ва коронавирус тарқалишининг олдини олишда ўта муҳим. Дарвоқе, «Ashyq»ни жорий қилган тадбиркорлар учун бир қатор имтиёзлар кўзда тутилган. Хусусан, узайтирилган иш тартиби ва дам олиш кунлари ҳам меҳмонларни қабул қилиш. Лойиҳада иштирок этмаётган объектлар эса санитар-врач кўрсатмаларига риоя этиши шарт.

Ерқанат Мусулманбек, Бурабай тумани тадбиркорлар палатаси директори:

- Агар кимдадир QR-кодни сканер қилиш учун илова бўлмаса, «Ashyq» лойиҳасида иштирок этаётган объектлар қўшимча вазифа ҳам бажаради. Яъни мазкур дастурга меҳмон СТИРини мустақил киритиш, ёки бевосита унинг шахсий гувоҳномаси штрих-кодини сканерлаш, кейин эса унинг мақомини кўриш мумкин.

Таъкидлаймиз, ҳозирги пайтда минтақада рақамли маҳсулотдан 300 тача объект фойдаланмоқда. 17 та ташкилот иловани синов тартибида қўллаяпти, QR-код олиш учун берилган 62 та ариза кўриб чиқилмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси