Қишлоқларда яшаётган қозоғистонлик аёлларнинг учдан бир қисми бизнес соҳасида ишлайди. Экспертлар прогнозига кўра, келгуси уч йил ичида улар сони икки марта ошиши кутилмоқда. Ўтказилган ижтимоий тадқиқотлар натижалари пойтахтда ташкил этилган V Республика Қишлоқ аёллари форумида маълум қилинди. Иштирокчилар ўз тажрибасини баҳам кўрди, тадбиркор хонимларга давлат бераётган кўмак ҳақида сўз юритди. Сўнгги 10 йил давомида фақат битта дастур асосида 60 мингдан зиёд нозик жинс вакили бизнес асосларини ўқиб-ўрганган. Таълим олганларнинг 4 мингдан зиёд бизнес-ғояси орасида юзтадан кўпроғи давлат гранти ёрдамида рўёбга чиқарилди. Улар ўз ишини очиш билан бирга, қатор янги иш ўринлари яратишга муваффақ бўлди.
Елена Ожго, «Ижтимоий динамика» жамоат жамғармаси директори:
- Яна 20 нафар янги тадбиркор 60 тача иш ўрини очиши режалаштирилган. Уларга икки-тўрт минг доллар грант берилади. Албатта, тенге қийматида. Шундан 20 фоизи чорвачилик ва зироатчиликда. 40 фоизи қишлоқ ҳудудида халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаради. Шу жумладан, ноозиқ-овқат товарлари тақдим этади, 5 фоизи қишлоқларда хизмат кўрсатади.
Шуғила Қамбишева, Тадбиркор, Абай вилояти:
- 2019 йилда мен «Бизнес Бастау» дастури асосида 560 минг тенге грант олдим ва ўз ишимни бошладим. 2021 йилда яна грант олдим. Бу маблағни ишлаб чиқаришни кенгайтиришга сарфладим, тикув машинаси сотиб олдим. Энди лазер дастгоҳга эҳтиёжим бор. Яна грант танловида қатнашиш ва 5 миллион тенге ютиш ниятидаман.
Абдумалик Сарманов таржимаси.